“Анжи” бой берган “олтин таркиб” - Это’О, Виллиан, Аҳмедов
Инглиз сайти 2010 йиллар бошида катта сармоя киритиши эвазига “Россия” футболи етакчисига айланган “Анжи”нинг юлдузли таркибини ёдга олди. 2013 йилда “Ньюкасл”дан Европа Лигаси чорак финалида мағлуб бўлганидан сўнг, инқирозга юз тутган жамоа ҳақида ёзилган ушбу блогни ўзбек тилида эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Ньюкасл” томонидан таслим этилган “Анжи”нинг юлдузлари ҳозир қаерда?
“Анжи” Махачқалъа! Таниш ном, шундай эмасми?! Якунига етган декада аввалида ушбу клуб ПСЖ ёки “Манчестер Сити”дан харажатлар борасида ортда эмасди.
Клубнинг ривожланиш даврини чуқур ўрганиш шарт эмас. 2010 йилда маҳаллий миллиардер Сулейман Каримов махачқалъаликларнинг 100 фоиз акцияларини сотиб олади. Тез орада жамоага бир нечта катта юлдузлар олиб келинди. Ҳеч ким танимайдиган бир клуб бирин-кетин катта футболчиларни харид қила бошлади: Это’Одан Роберто Карлосгача. Ва бу шунчаки миллиардер раҳбар қўл остидаги клуб эмасди. Унинг Гус Хиддинкдек мураббийи бор эди. “Челси” ва “Реал”даги фаолияти билан барчамизга таниш бўлган ушбу мутахассис биринчи тўлиқ мавсумидаёқ жамоани Европа Лигаси плей-оффига олиб чиқди.
Умуман олганда, ушбу декадада “Анжи” ПСЖ ва “Ман Сити”дан олдинроқ ном чиқарди. Аммо уларнинг масаласини биргина Алан Пардью ҳал қилиб қўйди. Икки ўйин натижасига кўра 0:1 ҳисобидаги мағлубият билан мусобақани тарк этган рус клуби учун бу энг сўнгги ва энг юқори парвоз бўлди.
Мана шу мағлубиятдан сўнг Сулейман Каримов клубга етарлича сармоя ажратмай қўйди. Юлдузли таркиб сочилиб кетди. Хўш, ҳозир улар қаерда?
Дарвозабон: Владимир Габулов
“Анжи” таркибида: 61 та учрашув
Ҳозирда: “Олимп Химки” жамоаси директори
Россия терма жамоасида 10 та учрашувда майдонга тушган Габулов клубга сармоя киритилган илк даврдан у қулагунига қадар жамоа билан бирга бўлди. Кейинчалик “Динамо” ва ЦСКА жамоаларида фаолият олиб борди. 2018 йилда “Брюгге”га кўчиб ўтди. Аммо 8 ойдан сўнг фаолиятини якунлади. 36 ёшигача футболчилик фаолиятини олиб борган Владимир ҳозирда Россия қуйи лига жамоаларидан “Олимп Химки”да раҳбарлик қилади.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Андрей Ешченко
“Анжи” таркибида: 46 та учрашув
Ҳозирда: “Спартак” Москва
Махачқалъаликлар фақатгина Европа клубларида ўйнаган катта юлдузларни эмас, миллий чемпионатнинг умидли футболчиларини ҳам таркибга жалб қилган. Аммо у анча кеч, 2013 йилда жамоага келиб қўшилган. Лекин клуб кутганидек юқори футбол намойиш эта олмади. Натижада, турли даврларда Андрей ҳар хил жамоаларда ижарада ўйнаб юрди. 2016 йилга келиб, Москванинг “Спартак” клуби уни ўз сафига қўшиб олди. Ҳозиргача унинг фаолияти “қизил-оқ”лар таркибида давом этмоқда.
Марказий ҳимоячи: Жоао Карлос
“Анжи” таркибида: 78 та учрашув
Ҳозирда: Фаолиятини якунлаган
Таниқли юлдуз бўлмаган, аммо “Анжи”нинг стандартларига жавоб бера оладиган даражадаги футболчи ҳисобланган Карлос жамоада катта ўрин тутарди. “Васко да Гама” тарбияланувчиси “Анжи”гача ЦСКА София, "Локерен" ва "Генк" каби клубларда фаолият олиб борган. 2011 йилда унинг йўллари Махачқалъа билан кесишди. Икки йилдан сўнг, “Спартак” Москвага ўтган бразилиялик фулбек фаолияти якунигача “Ал-Жазира” (БАА) да ҳам ўйнашга улгурди.
Марказий ҳимоячи: Эвертон
“Анжи” таркибида: 35 та учрашув
Ҳозирда: “Гамбург”
“Коринтианс” тарбияланувчиси махачқалъаликлар эътиборини “Брага”даги муваффақиятли ижара мавсумидан сўнг тортган бўлиши эҳтимол. Унинг Россияга келишида Хиддинк ёрдамчиси афсонавий Роберто Карлоснинг хизматлари катта. “Коринтианс”да улар бирга ҳаракат қилганликларини ҳам таъкидлаш жоиз. Қизиғи, Карлос 2015 йилда жамоадан кетиши билан Эвертон ҳам унинг ортидан йўл олди.
Фаолиятининг қолган қисмида кўплаб клубларда қисқа муддатдан ўйнаб юрган ҳимоячи айни пайтда “Гамбург” шарафини ҳимоя қилади.
Чап қанот ҳимоячиси: Юрий Жирков
“Анжи” таркибида: 63 та учрашув
Ҳозирда: “Зенит”
ЦСКА таркибидаги ёрқин ва ҳужумкор футболи билан “Челси” эътиборини тортган Жирков 2009 йилда “аристократлар” сафига Россия тарихидаги энг қиммат футболчи (18 млн евро) сифатида қўшилди. Аммо унинг Лондондаги 2 йили ҳақида ижобий фикрлар билдириш қийин. Шундан сўнг, уни “Анжи” сотиб олди. Яна икки йилдан сўнг, мухлислар уни Петербургда “Зенит” футболкасида кўришди. Ҳозиргача у ушбу клубда ҳаракат қилиб келмоқда.
Марказий ярим ҳимоячи: Одил Аҳмедов
“Анжи” таркибида: 110 та учрашув
Ҳозирда: “Шанхай” СИПГ
“Пахтакор”даги ажойиб ўйинларидан сўнг Аҳмедовнинг хизматларига “Анжи” қизиқиб қолади. 2011 йилда жамоа таркибига келиб қўшилган Одилга кейинчалик “Арсенал”дан таклифлар бўлган. Бу воқеалар қоғоздагина қолиб кетганини Аҳмедовнинг ўз айтиб берганди:
“Ҳа, Арсен Венгер мени ўз жамоасида кўришни истаганди. Аммо ўша пайтда “Анжи”га жуда катта пул тикилаётганди ва боссни ҳеч қандай сумма мени кетказишга кўндира олмасди”. - дейди Аҳмедов.
У инқирозга учраётган махачқалъаликларни ўз вақтида тарк эта олди. 2014 йилда “Краснодар”га бориб қўшилди. Ҳозирда у фаолиятини Хитойда давом эттирмоқда.
Марказий ярим ҳимоячи: Лассана Диарра
“Анжи” таркибида: 28 та учрашув
Ҳозирда: Фаолиятини якунлаган
Ўша пайтларда “Арсенал”нинг трансфер нишонида бўлиб турган француз футболчиси “Анжи”ни танлади. У руслар таркибига “Реал”нинг собиқ футболчиси мақомида келди. Бу кўп нарсани англатарди. Аммо ҳар икки тараф учун ҳам бу ҳамкорлик фойда келтирмади. Биринчи тўўлиқ мавсумидан кейиноқ, келиб чиқиши малилик бўлган футболчи Москванинг “Локомотив”ига бориб қўшилди.
Марказий ярим ҳимоячи: Жусилей
“Анжи” таркибида: 100 та учрашув
Ҳозирда: Эркин агент
Бразилия ва жаҳон футболидаги Роберто Карлос номидан фойдаланиб жамоага олиб келинган яна бир футболчи. Унинг ҳам айнан “Коринтианс”дан олиб келингани ҳам юқоридаги фикримизга далил бўла олади. У ҳам “Ювентус”дан бўлаётган қизиқишларни рад этиб, Доғистонга йўл олган.
3 йиллик фаолияти давомида “сариқ-яшиллар” сафида нақд 100 та ўйинда майдонга тушган футболчи кейинчалик “Ал-Жазира” ва “Шандонг Луненг”да кўриниш берди. 2018 йилда “Сан Пауло”га келиб қўшилган футболчи жорий йилнинг февраль ойида клуб билан шартномани бекор қилди. Ҳозиргача 32 ёшли хавбек ўзига янги бошпана топгани йўқ.
Ўнг қанот вингери: Виллиан
“Анжи” таркибида: 17
Ҳозирда: “Арсенал”
“Шахтёр”да яхшигина порлаган Виллианнинг келгуси манзили “Анжи” бўлди. 30 млн еврога Виллианни сотиб олган россияликларнинг мақсади жиддийлиги мана шундан сўнг ойдинлашган. Айнан “Ньюкасл”га қарши биринчи учрашувда Виллиан жароҳат олади ва “Сент-Жеймс Парк”даги беллашувда қатнаша олмайди. 7 ойдан сўнг, у клубини ўзгартиришга қарор қилади. Қизиқарлиси, у “Тоттенхэм” кўригига боради. Аммо унинг ҳужжати ўғрилаб кетилади ва шартнома имзоланмай қолади. Шундан сўнг, уни “Челси” ўз томонига чорлайди ва у Лондон “кўклар”и билан шартнома имзолади. Бразилиялик футболчи жорий мавсумда “аристократлар” сафини тарк этиб, “Арсенал”га ўтди.
Ўнг қанот вингери: Олег Шатов
“Анжи” таркибида: 51 та учрашув
Ҳозирда: “Рубин” Казань
Таркибимизнинг энг камтарона номларидан бири ҳисобланган Олег Махачқалъа “Урал”дан келган. У 2010 йилнинг энг яхши ёш футболчиси, деб топилганди. Атиги бир ярим мавсумлик фаолиятидан сўнг, Шатов “Зенит”га ўтиб кетди. У ерда 7 йил ўйнаб, 3 маротаба мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Ушбу ёзда у Қозоннинг “Рубин” клубига ўтди.
Марказий ҳужумчи: Самуэль Это’О
“Анжи” таркибида: 73 та учрашув
Ҳозирда: Фаолиятини якунлаган
Ушбу таркибдаги сўзсиз энг катта юлдуз 2011 йилда “Интер”дан 20 млн евро эвазига олиб келинган. Жамоа сардори сифатида ўйнаган камерунлик футболчи “Анжи” либосида 36 марта гол нишонлаган. Каримовнинг сармояси кичрайгач, Это’О “Челси”га бориб қўшилди. Шундан сўнг, унинг фаолияти бир маромда пастлаб борди ва ҳозирда у фаолиятини якунлаб улгурган.
Абдулвосид Валихонов таржимаси
Фикрлар