Анвар Бердиев: "Бу ўйинни яна қайта кўрмасак бўлмайди"
“Турон” – “Андижон” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманиниг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Анвар Бердиев иштирок этди.
- Дербига хос ўйин бўлди. “Андижон” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Машғулотларда анча ишлагандик. “Андижон” майдонда 11 киши бўлиб ўйнаб турганида футболчиларимиз ўйиндаги ҳар бир эпизодда охиригача курашишаётганди. Рақиб 10 киши бўлиб қолганидан кейин футболчиларимиз хотиржамликка берилиб иккинчи голни ўтказиб юбордик. Ундан олдин Ҳумоюн Муртазоевда қулай имконият бўлганди. Бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади. Футболда шунақа: сен урмасанг, сенга уради.
- “Андижон” футболчисининг майдондан четлатилиши “Турон”нинг фойдасига хизмат қилиши кутилганди. Ёки бу ҳолат жамоангизга салбий таъсир кўрсатдими?
- Қизил карточка “Турон” жамоасининг зарарига ишламади. Қайтанга кўпроқ ҳужум уюштиришимиз учун вазиятлар юзага кела бошлади. “Андижон”нинг стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишини билардик. Қандайдир ўйинчиларимиз хотиржамликка берилиб қолишди.
- Ушбу ўйиндаги мағлубиятни мураббийлик фаолиятингиздаги энг оғири деб қабул қиласизми?
- Мураббий сифатида ҳар бир мағлубият оғир қабул қилинади. Ютганда жамоа ютади, ютқазганда мураббий ютқазади. Шу боис ҳар бир мағлубият мураббий учун жуда аламли.
- Рақиб сафида бўйдор ўйинчилари бўлса-да, ҳаводан тўп узатилаверди. Пас орқали ҳужум ташкил қилса бўлмасмиди?
- Бунинг устида машғулотларда ишлагандик. Лекин ўйинчиларимизни ҳаяжон босдими, ўйин давомида кўрсатмаларимизни бажаришда оқсадилар. Машғулотларда стандарт вазиятлар, пас орқали ҳужумларни ташкил қилиш устида ишлагандик. Футболчиларимиз хато қилишдан қўрқиб ўйнадилар. Машғулотларда қўллаган усулларимизни ўйинда кўрсата олишмади. Учрашувни кўриб, буни муҳокама қиламиз. Бу ўйинни яна қайта кўрмасак бўлмайди.
"Андижон" матбуот хизмати.
Фикрлар