Анвар Бердиев дарвозабонининг рақибга "калла" қўйиши, матбуот анжуманига нега кечикиб келгани ҳақида нималарни айтди?
Про лиганинг навбатдаги турида воҳа дербиси бўлиб ўтди. Унда “Машъал” ўз уйида “Шўртан”ни қабул қилди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан кейин “Шўртан” бош мураббийи Анвар Бердиев саволларга жавоб қайтарди
- Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Дарвозамиздан тўп ўтказиб юборганимиздан сўнг бизда ҳам имкониятлар бўлди, бироқ фойдалана олмадик. Футболчиларимиз олдинга чиқишди ва иккинчи голни ҳам қўйиб юбордик. Футболда гол уриш учун дарвозага тепиш керак. Бизда вазиятлар бўляпти, аммо фойдана олмаяпмиз. “Машъал” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Бу ўйинни кўриб, таҳлил қилиб чиқамиз.
- Дарвозабонни футболчига нисбатан “калла” қўйиши шов-шув бўлиб кетди. Ўша вазиятни кўрдингизми? Фикрингиз қандай?
- Тўғриси, ўша ҳолатни кўра олмай қолдим. Ҳозир футболчим билан гаплашиб олдим. Бу футболда ёмон нарса. Бу нарсани оқлаб бўлмайди. Керак бўлса дарвозабонимизни жазолашгача ҳам борамиз. Узоқдан нима бўлганини кўрмай қолдим, аммо кўриб чиқамиз ва қарор чиқарамиз.
- 5 та ўйинчини алмаштирдингиз. Захирадан майдонга тушганлар қанчалик вазифани уддалай олдилар?
- Жамоа ютқазгандан кейин захира футболчилари ҳам майдонга тушганда ўйинни кучайтира олишмади, дейиш мумкин.
- Кубок ўйинлари бошланади. “Шўртан”ни мақсади қандай?
- Ҳар бир учрашувда ғалаба учун тўп суриш. Футболда омад деган нарса ҳам бор. Бугун кўрдинглар, вазиятларни голга айлантириш муаммо бўляпти. Рақиб дарвозабонини ҳам эътироф қилиш керак. Чунки “Машъал” дарвозасини яхши қўриқлади. Дарвозабон голдан сақласа демак жамоаси ғалаба қозонади.
- Матбуот анжуманига кечикиб келишингизга нима сабаб бўлди?
- Сабаби, футболчиларимиз билан қаттиқ гаплашиб олдим. Улардан шижоат билан ўйнашни талаб қилдим. Агар бунақанги ҳолат бўладиган бўлса, олдимизга қўйилган вазифани бажариш жуда қийин бўлади. Шуни тушунтириб, улар билан гаплашиб анча қолиб кетдим.
- “Шўртан”нинг кейинги рақиби “Арал”. “Машъал” билан баҳс жанговар ўтди. “Арал” билан баҳс қандай ўтади, деб ўйлайсиз?
- Биринчи навбатда “Машъал”га қарши учрашувни таҳлил қиламиз. Кейин “Арал” билан баҳсга тайёргарликни бошлаймиз. Кўп нарсани майдонда футболчилар ҳал қилади. Вазиятлардан фойдаланиш устида кўпроқ ишлаб, ҳужумчиларимиздан кўпроғини талаб қилишимизга тўғри келади. 4-тур ўтдики, ҳали ҳужумчиларимиз гол уришгани йўқ.
Фикрлар