Анвар Ғофуров: "Мағлуб бўлаётганимизда режани ўзгартиришга қарор қилдик"
Суперлига 3-туридан ўрин олган Бунёдкор ҳамда Навбаҳор (2:2) жамоалари ўртасидаги ўйиндан сўнг мезбонлар мураббийи Анвар Ғафуров ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Тан олиш лозим, жуда ҳам яхши шаклланган жамоа билан куч синашдик. Ўйингача вақтимиз у қадар кўп эмас эди. Шунга қарамасдан, йигитлар яхши футбол кўрсатишди. Биз ушбу услубда ўйнашга интиламиз. Футболчиларимиз бугун борларини бериб ҳаракат қилишди ва омад ҳам кулиб боқди.
Беллашувдан олдин бир нечта режа бор эди. Мағлуб бўлаётганимизда режани ўзгартиришга қарор қилдик. Боиси, 1:2 ҳисобида енгиламизми ёки 1:3, бунинг аҳамияти йўқ эди.
"Навбаҳор"да кучли футболчилар жам бўлган. Шу сабабли 90 дақиқа давомида яхши ўйин намойиш эта олмаган бўлишимиз мумкин, аммо натижа биз учун ижобий бўлди.
Ҳар бир футболчи жамоага кераклигини машғулот ва ўйинларда исботлаши лозим. Таркибимизда 25 футболчи мавжуд. Ҳар бир футболчига имкон берамиз. Бугун ўз тарбияланувчиларимизга таяндик. Боиси, мен нима хоҳлашимни улар яхшироқ тушунишади. Захирадаги футболчиларга эса шу ўйинни давом эттириш кераклигини таъкидладим. Рақибдан келиб чиқиб услубимизни бироз ўзгартиришимиз мумкин.
Ўйиндан олдин ва учрашув давомида ичимдан нималар ўтганини ўзим биламан. Эмоциялар жуда ҳам кўп. Баҳс сўнггида дурангга эришганимиз биз тўғри йўлда эканлигимизни кўрсатди, деб ўйлайман".
Фикрлар