Анвар Ғофуров: "Янги мавсумда чемпионликни қўлга киритамиз"

"Нефтчи"нинг тажрибали ҳимоячиси Анваржон Ғофуров мавсум якулари бўйича клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Анваржон якунланган мавсум ҳақида фикрларингиз?

- Авваламбор ассалому алайкум! Мавсум ҳақида гапирадиган бўлсам, ушбу мавсум биз учун ўтган йилгидан кўра анча қизиқарли ўтди. Олдимизга катта мақсадларни қўйиб, шу мақсадлар йўлида курашдик. Афсуски, керакли ўйинларда дурангларимиз кўпайиб кетди. Мавсумнинг сўнгги ўйинида ҳам медалларни қўлга киритиш учун имкон пайдо бўлганди. Лекин бундан фойдалана олмадик. Ишонаманки, келаси мавсумда барча имкониятларни ишга солган ҳолда чемпионликни қўлга киритамиз.

- Аввалги мавсумларда сизни марказда ҳам ҳаракат қилганингизга гувоҳ бўлганмиз. Ҳозирда марказий ҳимоячи ролини ҳам аъло даражада уддалаябсиз. Буларга сабаб деб нималарни айта оласиз?

- Тўғри айтасиз, олдинги мавсумларда таянч ярим ҳимоя ва марказий ярим ҳимоя сифатида тўп сурганман. Виталий Григорьевич ҳозирда марказий ҳимоя чизиғидаги ҳаракатларимдан қониқяпти. Қолаверса, ўзимга ҳам айнан ушбу позицияда ўйнаш қулай ҳисобланади. Лекин жамоамиз манфаати учун ҳар қандай позицияда ўйнашга тайёрман.

- Жамоамиз сафида янги мавсумда ҳам тўп сурасиз. Шартномани имзолаётганда нималарни ҳисобга олдингиз?

- Шартномани узайтирганимда жамоа ўз олдига юксак мақсадларни қўйганидан  хурсандман. Насиб қилса, чемпионликни янги мавсумда қўлга киритамиз ва шу мақсад йўлида Худо хоҳласа ҳаракат қиламиз.

анвар гофуров_2

- Жамоамизнинг бу йилги ютуқларига асосий сабаб деб нималарни кўрсатган бўлардингиз?

- Асосий сабаблардан, "Нефтчи" битта оила бўла олди ва  мураббийларнинг барча  кўрсатмаларини тўғри бажара олди, деб ўйлайман. Бундан ташқари, клуб раҳбарияти ҳам мавсум давомида бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ва шу билан бирга мухлислар далдаси ҳам бизга катта ёрдам берди, деб ўйлайман.

- Якунланган мавсумдаги энг эсда қоларли учрашувлар ҳақида гапирсаниз.

- Якунланган мавсумдаги энг эсимда қолган ўйинлардан бири бу "Насаф" жамоасига қарши "Истиқлол" стадионидаги учрашувдир. Шу куни ўйин ўта шиддатли кечган эди. Аввал гол уриб ҳисобни очдик, кейин эса ўз дарвозамиздан тўпни ўтказиб юбордик. Сўнгги дақиқалардаги киритган голимиз эса жамоа учун ғалабани тақдим этганди.

- Янги мавсумдан нималарни кутяпсиз?

- Янги мавсумга янада яхшироқ тайёргарлик кўрган ҳолда ўтган мавсумдаги хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз жиддий. Худо хоҳласа, чемпионлик учун кураш олиб борамиз. Шунингдек, жамоамиз мухлисларидан янги мавсумда ҳам бу йилгидек  қўллаб-қувватлаб туришларини сўраган бўлар эдим. Уларнинг қизғин қўллаб-қувватлашлари орқали Худо хоҳласа мақсадга эришамиз.

- Ўтган мавсумда сизга қарши ўйнаган энг кучли футболчи ким бўлди?

- Ҳамма жамоада ўзига яраша кучли футболчилар бор. Кимнидир алоҳида кўрсатиб бўлмайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!