АҚШлик болаларга боксдан сабоқ бераётган спортчимиз ҳақида эшитганмисиз?

Ҳам ҳаваскор, ҳам профессионал боксда ўзбек чарм қўлқоп усталарининг довруғи бутун дунёга машҳур эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бугунга келиб улар ўзбек бокс мактабининг довруғини жадал суръатларда танита бошлашди.

Қувонарлиси, йигитларимиз океан ортидаги рингларни забт этиш билан бирга, у ердаги ёшларга бокс сирларидан ҳам таълим беришмоқда.

Хабарингиз бор, дастлаб ҳаваскор рингда, сўнгра профессионалларда фаолият бошлаган ҳамюртимиз Баходир Мамажонов (“Баха”) енгил вазн тоифасида кетма-кет муваффақият қозониб, WBA International чемпионлик камарига ҳам эга бўлганди. У бокс оламида замонасининг энг машҳур промоутерларидан бири Дон Кинг билан бир муддат ҳамкорлик қилгани ҳам мухлисларга сир эмас.

Шу ўринда, спортчимиз билан боғланиб, унинг нималар билан машғул эканлигига қизиқдик.

- Баҳодир ака, ҳозир қаерда истиқомад қиляпсиз ва нималар билан бандсиз?

- Авваламбор, барча юртдошларимизни кириб келган муборак Рамазон ойи билан табриклайман. Айни пайтда АҚШнинг Техас штати, Хюстон шаҳрида истиқомад қиляпман. Шу ерда спорт зали очиб, спортчиларга бокснинг сир-асрорларини ўргатиб келяпман.

- Фаолиятингизда сўнгги вақтда бироз “жимлик” сезилди?

- Фикрингизга қўшиламан. Ҳозирча бироз танаффус олишга қарор қилдим. Бу жиҳат ҳар бир профессионал спортчи учун жуда муҳим. Табиийки, вазним ҳам ўзим жанг қиладиган нормадан юқорирок. Яқин ойлар ичида яна спорт формасига қайтиб, рейтинг жангини ўтказиш режамга киритилган.

- Ҳозир Муроджон Аҳмадалиев, Шахрам Ғиёсов, Фазлиддин Ғоибназаров, Шоҳжаҳон Эргашев каби моҳир боксчиларимиз ҳам катта жанглар остонасида туришибди. Улар ҳақида фикрингиз?

- Шубҳасиз, укаларимизни карераларини мунтазам кузатиб бораман. Улар ҳар беллашувда ёрқин натижаларга эришиб, маҳорат бобида юксалиб боришмоқда. Албатта, уларнинг фаолиятида ҳозир ўта муҳим давр. Шунинг учун юқори концентрацияни ушлаб тура билиш талаб қилинади. Бу мураккаб жараён. Шуни ҳис қилган ҳолда, укаларимизнинг келгуси жангларида бунданда юқори натижаларни ва чиройли ғалабаларни тилаб қоламан.

Фазлиддин Ҳусниддинов суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!