Араб диёрида Роналдуга осон бўлмайди
Саудия Арабистонининг "Ал-Наср" клуби собиқ бош мураббийи Рауль Канеда ушбу мамлакат футбол лигасининг савиясини юқори даражада баҳолади ва Криштиану Роналду маҳаллий клубга ўтса, унга осон бўлмаслигини айтди.
"Роналду рақобат бўлмаган лигага ўтмайди, чунки унинг менталитети рақобат ва курашувчанликка ўч. Саудия Арабистони чемпионатида рақобат кучли, маҳаллий йигитлар Кришга босим ўтказишади ва ҳар бир учрашувда максимал тарзда натижани талаб қилишади. Бу ер нафақага чиқмоқчи бўлганлар учун мўлжалланмаган", - дея мураббийнинг сўзларидан иқтибос келтиради Marca.
Канеда Испанияда кўпчилик Саудия Арабистонидаги футболдан бехабар эканликларини қўшимча қилди. "Ал-Наср" эса Осиёнинг энг йирик клубларидан бири бўлиб, узоқ тарихга эга ва сифатли ўйинчилардан ташкил топган.
Аввалроқ матбуотда Португалия терма жамоасининг 37 ёшли юлдузи ўз фаолиятини Ар-Риёднинг "Ал-Наср" клубида давом эттириши ҳақида кўплаб хабарлар тарқалган эди. Аммо кейинроқ хабар қилинишича, бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Эслатиб ўтамиз, Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати вақтида Роналду "Манчестер Юнайтед" билан шартномасини тугатган эди.
Фикрлар