“АрМИ—2022”: “Қуролсоз уста”дан яна бир рекорд

Марказий ҳарбий округ “Фориш” полигонида “АрМИ—2022” ўйинлари доирасида ўтказилаётган “Қуролсоз уста” мусобақасининг тўртинчи — “Ўқ-отар қуроллар биатлони. Эстафета” босқичи ўтказилди.

Ушбу танловда бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси терма жамоалари беллашдилар.

Мусобақа шарти тўрт нафардан иборат ҳарбий хизматчилар эстафета кўринишида навбати билан таъмирлаш полигонидаги 5,45 миллиметрли АКС-74 автоматини, 7,62 миллиметрли ПКМ пулемётини, 40 мм РПГ-7В гранатамётини ва 9 мм БЕРЕТТА пистолетини тўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда ушбу қуроллардаги носозликларни аниқлаб бартараф қилиш, шунингдек, узоқлиги 600 метр масофадан иборат отиш маррасига югуриб бориб, майдонда пайдо бўлувчи сунъий нишонларни яксон қилиш ва таъмирлаш полигонига етиб келишдан иборат.

Шиддатли беллашув натижаларига кўра, Ўзбекистон жамоаси 43 дақиқа 37 сония натижа билан биринчи, Россия Федерацияси терма жамоаси 49 дақиқа 07 сония натижа билан иккинчи ўринни эгаллади.

Шу билан бирга, жамоамиз иштирокчиси капитан Равшанжон Мажидов “БЕРЕТТА” пистолетидан аниқликка ўқ отиш бўйича 47 балл тўплаб “Энг илғор пистолетчи” номинациясида ғолиб бўлиш баробарида 2021 йил Эрон терма жамоаси вакиллари томонидан ўрнатилган 44 баллик рекордни янгилади.

Ҳисобда бугунги кунга қадар “Қуролсоз уста” жамоамиз тўртта босқичда мусобақа ўтказиб, тўртта биринчи ўрин ва олтита рекорд ўрнатишга муваффақ бўлди. Навбатдаги сўнгги босқичда ҳам улардан фақат ғалаба кутиб қоламиз.

Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!