"Арсенал" ва "Тоттенхэм" зўр ўйинчини Англияга қайтармоқчи
«Марсель» форварди Мэйсон Гринвудга Англия премьер-лигасининг икки клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда француз нашри L’Équipe хабар берди.
Манбага кўра, собиқ «Манчестер Юнайтед» ҳужумчисини ўз сафига қўшиб олиш имкониятини «Арсенал» ва «Тоттенхэм» клублари кўриб чиқмоқда. Шунингдек, Гринвуд учун курашда Италиянинг «Рома» жамоаси ҳам бор.
Маълумотларга қараганда, «Марсель» бу ёзда молиявий фэйр-плей талаблари туфайли бир қатор футболчиларини сотишга мажбур. Клуб таркибида энг қиммат актив сифатида айнан 24 ёшли Гринвуд кўрилмоқда. Француз жамоаси ҳужумчини тахминан 80 миллион евро атрофида баҳоламоқда.
Шартнома шартларига мувофиқ, Гринвуд яна сотилса, «Манчестер Юнайтед» трансфердан тушадиган маблағнинг 40 фоизини олиш ҳуқуқига эга. Бу банд унинг аввалги келишувига киритилган эди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда Гринвуд клуб даражасида 45 ўйинда майдонга тушиб, 26 та гол урди ва 11 та голли пас муаллифига айланди.

Фикрлар