Артета жамоа юлдузи билан уришиб қолдими?
“Арсенал” бош мураббийи Микель Артета жамоанинг энг машҳур ўйинчиси Пьер-Эмерик Обамеянг билан можарога боргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Испаниялик мутахассис габонлик ҳужумчини “Эвертон”га қарши ўтказилган учрашув қайдномасига киритмади. Sky Sports каналида эксперт бўлиб ишлаётган собиқ футболчи Гари Невилл “канонирлар” устози жамоа сардори Пьер-Эмарик Обамеянг билан келиша олмай қолганини тахмин қилиб, уни тезроқ сотиб юбормоқчи эканини айтди.
Бунга жавобан Микель Артета Невиллнинг гаплари ҳақиқатдан узоқ эканини ва 32 ёшли ҳужумчи билан хайрлашиш ниятида эмаслигини уқтирди.
- Рости биз ҳеч қачон бу масалани муҳокама қилмаганмиз. Бирор ўйинчи ёки жамоанинг ўзи қийин вазиятга тушиб қолганида ҳамма бир-бирини қўллаши керак. Шогирдларим билан муносабатим жойида. Ҳамма мен клуб ва жамоа манфаати учун ҳаракат қилаётганимни яхши англаши лозим, - деди Микель Артета.
Фикрлар