Ана холос! Мареска қўл остида Ҳусановнинг роли ўзгаради!
Ёз давомида “Манчестер Сити” раҳбарияти футболчиларнинг вакиллари билан келажак ҳақида музокаралар ўтказар экан, клубнинг спорт директори Угу Виана жамоа ўйини тубдан ўзгармаслигини қайта-қайта таъкидламоқда. Чунки янги бош мураббий Энцо Мареска Пеп Гвардиола билан бир хил футбол фалсафасига эга ва айнан каталониялик мутахассис бошлаб берган ишни давом эттириш учун тайинланган.
Виана бу каби саволларга жавоб беришга мажбур, чунки ўн йил давомида клубга ўз ғоялари ва юқори талабларини сингдирган Гвардиола кетгач, муайян ноаниқлик пайдо бўлиши табиий.
Маресканинг ўзи ҳам аввалроқ “Манчестер Юнайтед” Алекс Фергюсон, “Арсенал” эса Арсен Венгер билан хайрлашгач, дуч келган муаммоларни эслаб ўтган. Аммо у “Сити”ни энг юқори даражада ушлаб қолишга қатъий бел боғлаган.
Гвардиола штабида ишлаган манбалар ҳам Мареска ҳақиқатан ҳам жамоага мос мутахассис эканини таъкидлайди. Бироқ уларнинг фикрича, у сўнгги мавсумдаги эмас, балки “Сити”нинг аввалги беш йилдаги анъанавий услубига яқинроқ.
Ўтган мавсумда Гвардиола Премьер-лигада яккама-якка ҳимоя услуби кенгайгани сабабли нисбатан тўғридан-тўғри футболга ўтишга мажбур бўлди. Бу эса кўпроқ жисмоний куч ва айрим вазиятларда узоқ узатмалардан фойдаланишни талаб қилди. Клубнинг футбол бўлимидаги манбаларнинг тан олишича, Жанлуижи Доннарумма ва Абдуқодир Ҳусанов билан орқа чизиқдан қисқа узатмалар орқали ҳужумни бошлаш анча қийинлашди. Шу боис жамоа кўпроқ узоқ паслардан фойдаланишга ўтди.
Бироқ бу икки футболчи муҳим устунликларни ҳам тақдим этади. Ҳусановнинг юқори тезлиги ва Доннарумманинг яккакурашлардаги маҳорати рақиблар юқори прессинг орқали тўпни тортиб олганида юзага келадиган хавфли вазиятларни бартараф этишга ёрдам беради. Ана шу афзалликлар ва камчиликлар “Сити”нинг услуби нега ўзгарганини тушунтириб беради.
Аввал Гвардиола Бернарду Силва ва Родрига ҳужум қуриш жараёнини хоҳлаганича кўп тегинишлар билан бошқариш имконини берган бўлса, кейинчалик таркиб ўзгарди. Сўнгги икки йил ичида “Сити” рақибларни алдаб ўта оладиган Савио, Тижани Рейндерс, Райан Айт-Нури, Райан Шерки, Антуан Семеньо ва Умар Мармуш каби футболчиларни сотиб олди. Доннарумма ва Ҳусанов эса жамоага бошқа муҳим сифатларни олиб кирди. Демак, жамоа аввалгидек пас ўйини учун эмас, балки янги чақириқларга жавоб бериш учун шакллантирилди.
Марескага яқин манбаларнинг таъкидлашича, у авваллари ҳимоядан узоқ паслар билан чиқишни унчалик ёқтирмаган бўлса-да, “Челси”да ишлаган пайти юқори прессинг ва яккама-якка ҳимоя сабабли бу усулга ҳам очиқроқ бўла бошлаган. Унинг футболи асосан бўш футболчини топиш ва майдоннинг турли ҳудудларида сон жиҳатидан устунлик яратишга қурилган
Марескада мослашувчанлик ҳам бор. Илгарилари у дарвозабонлар қисқа узатмалар билан ўйинни бошламаса, уларни захирага ўтқазишини айтган бўлса-да, ҳозир буни ягона ечим, деб ҳисобламайди.
Мареска марказий ҳимоячиларнинг ҳужум қуриш жараёнида кўп тўп билан ишлашини хоҳлайди. Улар рақиб прессинги ҳаракатидан келиб чиқиб, ҳимояни қандай ёриб ўтиш мумкинлигини кўра билиши керак. Бу, айниқса, Йошко Гвардиолга жуда мос келади.
Мареска ҳужум қуришда одатда уч нафар ҳимоячи ва икки ярим ҳимоячи билан ҳаракат қилади. Тўртинчи ҳимоячи эса қанот ёки ҳужумкор ярим ҳимоя позициясига кўтарилади.
Абдуқодир Ҳусановнинг ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнаши эҳтимоли ҳам мавжуд. “Сити” айнан шу позицияни кучайтиришни истамоқда. Мареска “Челси”дан Мало Гюстони олиб келишни жуда истаган, чунки франциялик футболчи ҳужум ва ҳимоядаги сифатлар, жисмоний тайёргарлик ҳамда динамик ҳаракатларни ўзида мужассам этган. Бироқ унинг нархи жуда юқори бўлиб чиқди.
Шунинг учун янги ўнг қанот ҳимоячиси келадими ёки йўқ, барибир Ҳусановдан тўп жамоада бўлганда амалда ўнг марказий ҳимоячи сифатида фойдаланиш унинг ҳимоядаги кучли томонларини максимал даражада намоён қилиши, узатмаларни соддароқ бажариши ва ўтган мавсумдагидек тўп билан олдинга фаол чиқишига имкон бериши айтилмоқда.
“Манчестер Сити” раҳбарияти Энцо Марескани Гвардиоланинг ишларини катта ўзгаришларсиз давом эттира оладиган жуда кам сонли мутахассислардан бири деб ҳисоблайди. Мареска бу жамоани қандай бошқариши ва уни қай йўсинда ривожлантириши келаси Премьер-лига мавсумининг энг қизиқ мавзуларидан бири бўлади.
Юздан ортиқ гол урган! “Башакшеҳир” Шомуродовга кучли рақобатчи олиб келди
Испаниялик мураббий ўзбек футболчиси трансферини тасдиқлади
Шомуродовни машҳур клубда кўришмоқчи! Элдор ҳар қандай жамоани кучайтиради
Премьер-лига! Ўрозовнинг трансфери ҳал бўлди
Файзуллаевга Германиядан жиддий рақобатчи келди

Фикрлар