Юздан ортиқ гол урган! “Башакшеҳир” Шомуродовга кучли рақобатчи олиб келди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ўйнаётган “Истанбул Башакшеҳир” клуби ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун таркибини кучайтиришга эътибор қаратмоқда.
Яқинда истанбулликлар Европанинг бир неча клубларида ўйнаган Дания миллий терма жамоаси аъзоси Андреас Сков Ольсеннинг трансферини эълон қилган эди. Германиянинг “Вольфсбург” жамоасидан келган футболчи ўзбекистонлик легионер Аббосбек Файзуллаевнинг тўғридан-тўғри рақобатчиси ҳисобланади.
Энди бу гал “Башакшеҳир” ўз сафига Туркия миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Умут Бозокни қўшиб олди.
Нури Шахин жамоаси 29 ёшли ҳужумчи билан 2+1 кўринишида шартнома тузди.
- Умутни оиламизда қарши оламиз ва унга тўқ сариқ-кўк либосимизда улкан муваффақиятлар тилаймиз, - дейилади “Истанбул Башакшеҳир” клубининг расмий баёнотида.
Умут Бозок марказий ҳужумчи. Фаолиятининг бир қисмини Францияда ўтказган Умут Бозок дастлаб бу мамлакатнинг “Атлетико Марсель”, “Ним Олимпик”, “Лорьян” ва “Труа” каби клубларида тўп сурган.
Кейинчалик у Туркияга кўчиб ўтиб, турли йиллар давомида “Касимпаша”, “Трабзонспор” ва “Эюпспор” жамоалари шарафини ҳимоя қилди.
Умут Бозок 2021/2022 йилги мавсумда “Касимпаша” сафида 20 та гол уриб, Туркия Суперлигасининг энг яхши тўпурари бўлган. У Франциянинг иккинчи дивизионида ҳам “Ним Олимпик” таркибида тўпурарлар пойгасида ғолиб чиққан.
Ўтган мавсумда эса 29 ёшли ҳужумчи “Эюпспор” таркибида Туркия чемпионатида 32 учрашувда иштирок этиб, 6 та гол урди.
Умумий ҳисобда, Умут Бозок фаолияти давомида ўзи иштирок этган барча мусобақаларда рақиблар дарвозасини ишғол қила олгани билан ажралиб туради. Туркиялик форвард турли клублар сафида жами 322 та учрашувда иштирок этиб, 108 та гол урган ва 30 та ассист қайд этган.
Таъкидлаш жоизки, Умут Бозок “Истанбул Башакшеҳир”нинг асосий тўпурари Элдор Шомуродовнинг рақобатчиси ҳисобланади. Нури Шахин жамоасида ҳужум марказида асосан Элдор ва Германиядан келган легионер Деви Зельке ўйнайди. Энди улар қаторига Умут Бозок ҳам қўшилади.
Ўтган мавсумда 22 та гол билан Суперлига тўпурари бўлган Элдор Шомуродов рақобатчиларидан фарқли равишда ҳужум марказидан ташқари, ҳужумчи ортида ва ҳар икки қанотда ҳам самарали ўйнай олади.
“Брага”даги Ҳасанов “Порту”га супергол урди

Фикрлар