Артета: "Райя феноменал, ҳужумчиларимизнинг сеҳри эса ғалаба келтирди"
"Арсенал" бош мураббийи Микель Артета Чемпионлар лигаси чорак финалида "Спортинг" майдонида қўлга киритилган 1:0 ҳисобидаги ғалабага баҳо берди.
Испаниялик мутахассис меҳмондаги муваффақиятдан мамнунлигини яширмади ва рақибнинг уйда қанчадан буён ютқазмаётганини эслаб ҳам ўтолмаганини таъкидлади.
"Чорак финалда меҳмонда ғалаба қозонганимиздан жуда хурсандман. Улар уйда қачондан бери мағлуб бўлмаётганини ҳам билмайман. Назаримда, бу охирги марта еврокубокда бўлган бўлса керак. Бу эса вазифа нақадар қийин бўлганини кўрсатади", — деди Артета.
Шунингдек, у жамоа гол ура олмаслиги мумкинлиги ҳақида ўйлаганини ҳам тан олди.
"Ҳа, шундай фикр бўлди. Чунки ҳужумнинг сўнгги қисмигача яхши етиб бордик, аммо ҳал қилувчи зарба ёки сўнгги пас етишмади.
Биз аниқроқ, тезроқ ва самаралироқ ҳаракат қилишимиз керак эди. Улар ҳимояда йўлимизни тўсганда, буни ёриб ўтиш учун сифатли якуний ҳаракат зарур бўлди. Бир гол бекор қилинди, яна икки-учта вазиятда голга жуда яқин келдик, аммо ҳал қилувчи пас етишмади.
Якунда эса ҳужумчиларимизнинг сеҳри бизга ғалаба олиб келди. Мавсумнинг айнан шу босқичида бизга шу нарса керак. Ҳар бир футболчи ўз ҳиссасини қўшиши лозим ва бугун йигитлар буни уддалашди", — дея қўшимча қилди у.
Артета Давид Райянинг ҳаракатларини ҳам алоҳида эътироф этди.
"У икки муҳим сейвни амалга оширди. Бу — Чемпионлар лигаси, бу ерда баҳс тақдири кўпинча жарима майдонида ҳал бўлади, чунки даража жуда юқори.
Ҳозир Давид феноменал ўйин кўрсатмоқда. У бизга қўшилганидан бери ажойиб футболчи бўлиб келмоқда. У бизда борлиги — катта омад", — дея таъриф бериб ўтди испаниялик мутахассис.
Фикрлар