Артём Петросян: "Ҳакамлар ишини назорат қиладиган комиссия бор"
"Қизилқум" - "Андижон" ўйинидан кейинги матбуот анжуманида “Андижон” жамоаси ёрдамчи мураббийи Артём Петросян иштирок этди. Боиси, бош мураббий Александр Хомяков қизил карточка олди. Регламент бўйича бош мураббийга қизил карточка кўрсатилса, матбуот анжуманида иштирок эта олмайди. Шунинг учун унинг ўрнига Петросян қатнашди.
- Ўйинни яхши бошлай олмадик. Афсуски, кетма-кет иккинчи учрашувда ҳам тезкор гол ўтказиб юбордик. Кейинчалик ўзимизга келишга ҳаракат қилдик. Бироқ футболчимиз майдондан четлатилди. 10 киши бўлиб қолган бўлсак ҳам охиригача курашдик. Футболчиларга катта раҳмат. Улар тўхтаб қолишни исташмади, характер кўрсатишди. 2:0 ҳисобида ютқазаётганимизда қўлини туширишни хоҳлашмади ва олдинга интилдилар. Бунинг натижасида ҳисобни 2:2 га ўзгартира олдилар. Қўшимча дақиқаларда яна тўп ўтказиб юборишимизга қарамай, яна ҳисобни тенглаштира олдик. Футболчилар ўйинни ташлаб юборишмади, бунинг учун улардан миннатдормиз.
- Охирги иккита учрашувда 4 очко йўқотилди. Сабаби нимада?
- Таҳлил қиляпмиз. Ўйин бошида тўп ўтказиб юборишимиз тушунарсиз бўляпти. Олдинги баҳс – “Пахтакор”га қарши ўйин борасида тўхтатилишни истамайман. Бугунги учрашув ҳақида гаплашганимиз маъқул. Эътибор қаратган бўлсангиз, футболчимизга қизил карточка кўрсатилгани ҳам учрашувга таъсирини кўрсатди. Бир ўйинчи кам бўлиб 75 дақиқада тўп суриш оғир. Икки очко йўқотмадик, бир очко топдик.
- Бош мураббийга қизил карточка кўрсатилган вазиятда ўзи нима бўлди?
- Ҳақиқатда нима бўлганини билмайман. Балки хиссиётларга берилиб кетгандир. Футболда бундай ҳолатлар бўлади. Чунки футбол хиссиётларга бой ўйин. Майдон четида ўйинни кузатиш ва бошқариб туриш қийин. Бу каби хиссиётларга бой учрашувларда ҳар қандай ҳолатлар бўлиши мумкин. Мен кўрмай қолдим, чунки захирадагиларни тинчлантиришга ҳаракат қилаётгандим.
- Иккинчи пенальти белгилангандан сўнг жамоа сардори жамоани майдондан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилди. Бу ҳолатда сардорни кўндириш мураббийга анча қийин бўлди. Ўша ҳолат ҳақида нима дея оласиз?
- Айтганимдек, футбол хиссиётли ўйин. Ўша вазиятда сиз футболчиларнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Ўйинчиларни ҳам тўғри тушуниш керак. Бундай ҳолатда сиз нима қилган бўлардингиз? Уларни тинчлантиришга уриндик, вазиятни тушунтирдик ва улар яна майдонга қайтишди.
- Биринчи гол урилишидан аввал Сардор Азимов белгиланган жарима зарбаси учун ҳакам билан тортишди ва ўша жарима зарбасидан кейин гол урилди. Ўша стандарт бўйича нима дея оласиз?
- Буни ҳакамдан сўраш керак. Нима учун фол берди ва қайси вазият учун? Чунки иккита ўйинчи тўп учун курашяпти. Бу ҳакамнинг қарори. Мураббий сифатида ҳакамларни муҳокама қилмайман. Уларни назорат қиладиган комиссия бор.
- Сиз кўрган позицияда ўйин қоидаси бузилганмиди ёки йўқми?
- Билмайман, видеода кўриш керак. Аммо бизга ўйин қоидаси бузилмагандек кўринди. Негаки, иккита футболчи тўп учун курашганди, биттаси йиқилиб тушди ва жарима зарбаси белгилади.
- Леван Арвеладзе чиройли ўйнади. Нега уни асосий таркибда майдонга туширмасдан захирада қолдиряпсизлар?
- Арваладзе захирадан майдонга тушиб гол урди ва бизга бир очко олиб келди, тўғрими? Ҳар бир ўйинга тузиб чиқадиган режамиз бор. Шунга қараб таркибни шакллантирамиз.
- “Андижон” оптимал таркибни аниқлаштириб олиш учун кечикиш бўлмадими ёки оптимал таркиб шаклланиб бўлдими?
- Қаранг, ҳар қандай мураббийга, “Манчестер Сити” ёки “Реал” мураббийларига ҳам шу саволни берсангиз, барибир бир-иккита позицияларимизни кучайтиришимиз керак деб айтади. Бизга ҳам шу нарса керак, бир-иккита позициямизни кучайтиришимиз керак. Ким машғулотларда қатнашиб тайёр бўлса, ўшалар майдонга тушяпти.
- Хомяков нега матбуот анжуманига келмади?
- Регламент бўйича қизил карточка олса, матбуот анжуманида иштирок этмайди.
Фикрлар