Австриядаги тўқнашув тарихи ёхуд икки боксчимиз нега ўзаро жанг қилишга мажбур бўлганди?

Профессионал боксда мағлуб бўлмасдан ўз фаолиятини якунлаган юртдошимиз Ғайрат Аҳмедов ҳамда ҳаваскор боксда Осиё ўйинлари чемпиони, Осиё чемпионати ғолиби ва кумуш медаль соҳиби Икром Бердиев ҳақида эшитганингиз бордир.

Бежизга биз бу икки чармқўлқоп устаси ҳақида тўхталиб ўтаётганимиз йўқ. Сабаби, ушбу боксчиларимиз бир-бири билан профессионал боксда тўқнаш келишган эди. Бу оддий ҳолатку, қандай таажжубли томони бор, деган савол туғилиши табиий... Лекин шошилманг! Ўзбек профессионал боксчилари юртимизда ёки Россия, Қозоғистон, умуман олганда МДҲ мамлакатларида ташкил қилинган бокс оқшомларида  ўзаро кўп бора тўқнаш келишган.

Бироқ узоқ Европа мамлакатида ва нуфузли жанг кечасида бир-бирига рўбарў келган, деб айта олмаймиз. Шу нуқтаи назардан, юқоридаги икки боксчимиз иштирокидаги жангнинг ўз аҳамияти бор. Чунки, улар бир-бирларига қарши Австрияда ташкил этилган бокс оқшомида рингга кўтарилишган эди. Ушбу жанг 2004 йил 31 июлда  Австриянинг Зилц шаҳридаги “Crazy-Eddy ” аренасида бўлиб ўтади. Ярим оғир вазн тоифасидаги (79,379 кг) 6 раундлик жангда Ғайрат Аҳмедов очколар ҳисобига ғалаба қозонади. Бунга қадар Аҳмедов профессионал рингда 3 та жанг ўтказиб, мағлубиятсиз сериясини давом эттираётган эди. Икром Бердиев эса, битта жангда рингга кўтарилиб, чехиялик Пётр Рикалани мағлуб этганди.

Аслида, гап уларнинг Австрияда ўзаро жанг ўтказганида ҳам эмас, балки  нима учун икки кучли боксчимиз фаолиятларининг бошидаёқ бир-бирига қарши жанг қилганида... Қачонки, чемпионлик, камарларни бирлаштирувчи тўқнашувлар, хуллас шунга ўхшаш жанглар бўлганда ҳам бунга ажабланмасак бўларди. Мазкур воқейликка аниқлик киритиш мақсадида биз Ғайрат Аҳмедовга боғландик... Қуйида унинг бу борадаги фикрларини тақдим этамиз.

- Икром Бердиев билан Австриядага бокс кечасида ўзаро жанг қилган экансизлар?

- Шундай бўлган эди.

- Нега айнан Австрияда?

- Чунки, ушбу юрт промоутерлик компанияси билан ҳамкорлик қилаётгандим.

- Қайси промоутерлик компанияси?

- Тўғриси, ҳозир ёдимда йўқ.

- Ўзаро жанг қилишингларга сабаб нима бўлганди?

- Иккимиздан биримиз Австрияда қолишимиз керак эди. Яъни, жангда ким ғалаба қозонса, ўша австрияликлар билан бирга фаолиятини давом эттирарди.

- Жанг таассуротлари билан ҳам ўртоқлашинг?

Қисқа қилиб айтганда, томошабинлар учун қизиқ, биз учун жуда қийин бўлганди. Икром акамни қандай боксчи бўлганлигини, ҳаваскор боксдаги натижаларига эътибор қаратсангиз ҳам тушуниб оласиз. Омадим келиб, ғалаба қозонганман. Биз ҳаваскор йўналишда ҳам жанг қилган эдик. Унда мен мағлубиятга учраганман.

Гайрат ака

Бу борада Икром Бердиевга ҳам бир-иккита савол билан мурожаат қилдик:

- Австриядаги тарихий, яъни Ғайрат Аҳмедов билан жангни қандай хотиралар билан эслайсиз?

- Яхши жанг бўлган. Ғайрат мендан омадлироқ чиққан эди. 

- Сиз ҳам айнан ўша промоутерлик компанияси билан шартномага эгамидингиз?

- Йўқ. Шунчаки синов муддатида эдим, десам бўлади.  

- Агар, Ғайрат Аҳмедовни мағлуб этганингизда шартнома нақд бўлармиди?

- Бу борада бир нима дея олмайман.

- Мазкур жангдан сўнг, яна бир бора рингга кўтарилиб, фаолиятингизни якунлаган экансиз?

- Соғлиғимда жиддий муаммоларга дуч келганман. Шунинг учун, мажбур бўлганман якунлашга. Агар, бундай ҳолат бўлмаганида яхши натижалар қайд эта олган бўлардим.

Икром Бердиев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!