"Айрим футболчилар борасида фикрим ўзгарди" - "Сўғдиёна"нинг янги бош мураббийи клубга келиши, жамоанинг янги режалари ва таркиб ҳақида гапирди

Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубидаги ўзгаришдан энди барчанинг хабари бор. Бир неча мавсум бош мураббий сифатида ишлаб ҳурмат ва эътибор қозонган Улуғбек Бақоев чемпионат тугашига икки тур қолганида истеъфога чиқди. Ўрнига Ёрқин Назаров бош мураббий сифатида тайинланди ва ушбу мутахассис ишни бошлаб юборган.

Айтиш лозимки, сўнгги икки турда “Сўғдиёна” жамоаси Назаров бошчилигида майдонга тушди. Шу сабабли Sports.uz журналисти Ёрқин Назаров билан боғланди ва жамоанинг кейинги режалари борасида суҳбатлашди.

- Ёрқин ака, “Сурхон”да ишлаб юрганингизни билардик. Лекин тўсатдан “Сўғдиёна” бош мураббийи сифатида ишга киришиб кетдингиз. Бу кутилмаган янгилик бўлди. Ўзингиз ҳам воқеалар ривожи шу тахлит ўзгаришини ўйламаган бўлсангиз керак-а?

- Бир инсон менга қўнғироқ қилиб, “Сўғдиёна”дагилар сиз тўғрингизда қизиқишяпти, у ерда ишлаш ниятингиз борми, деб сўради. Бош мураббийликка номзод бўлган 3-4 та мураббийлар орасига сизни ҳам номзодингизни қўйишмоқчи экан, деганида майли дедим. Тўғрисини айтсам, мен келаси йил учун айтиляпти деб ўйлагандим. Иккита тур қолганида мураббийлар кетишяпти, Жиззахга келинг дейишди. Нега бундай бўлди, келаси мавсум учун гаплашмоқчи эдик-ку, десам улар Улуғбек Бақоев билан келишиб бўлган экан. У келаси йил ишламаслигини раҳбариятга айтган. Иккита тур қолганида мени чақиришганини сабаби, ўша иккита ўйин мобайнида жамоанинг ичида футболчиларни ўзингиз кўриб, билиб олинг деди. Яъни, ким керак, ким керак эмаслигини аниқлаштириб олиш мақсадида чақиришган. Лекин клуб раҳбарияти Улуғбек Бақоевнинг қилган барча ишидан тўла-тўкис рози ва миннатдорлар. Улар мураббий билан жуда илиқ хайрлашишибди. Мени иккита тур қолганида чақиришгани ҳам тўғри бўлган экан. Боиси, бунгача “Сўғдиёна” футболчиларини телевизор орқали кўрганимда айримлари ёққан ёки қайси бирлари ёқмаганди дейлик, жамоага келиб уларни бир неча кун машғулот қилдириб, ўйинга тайёрлаганимдан кейин айрим футболчилар борасида фикрим ўзгарди. Ўша телевизорда кўриб, ўйини ёқмаган ўйинчи аксинча яхши экан.

Мен билан 2023 йилнинг декабрь ойигача шартнома имзолашди. Худо хоҳласа, жамоани янги мавсумга тайёрлаймиз. Келаси ҳафтада менга ёрдам берадиган мураббийлар билан шартномалар имзоланади. Ўйинчилар бўйича ҳам музокараларни бошлаб юборганмиз.

ёрыин1

- Кўпчилик сизни вақтинчаликка келди, деб ўйлашганди. Демак, жамоани тўлиқ ўзингиз бошқарасиз экан-да?!

- Ҳа, бу аниқ бўлиб улгурган. Раҳбарият номзодлар орасида мени танлаган. Мен бош мураббийман, ишни бошлаб юборганмиз.

- Жамоа билан олдингизга қандай вазифа қўйилди?

- Олдин мақсад қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолади, ўзгармайди. Нимадир ютиш. Ўзбекистон Кубоги ёки совриндорлар қаторидан жой олиш.

- Мураббийлар штабида айнан кимлар сизга кўмаклашади?

- Кейинги ҳафта шартномалар тузилганидан кейин ҳаммаси ойдинлашади. Ёнимдаги ёрдамчи мураббийим доим мен билан бирга. “Андижон”да, “Сурхон”да, керак бўлса “Бунёдкор”да ҳам бирга ишлаган Тимур Бобохонов ишни бошлаган. У иккита турда “Сўғдиёна”да менга ёрдам берди. Қолганига дарвозабонлар мураббийи, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий, аналитик бўйича кимлар ишлаши келаётган ҳафта аниқ бўлади.

ёркин1

- “Сўғдиёна” учта фронтда курашиб, мақсадига эриша олмади. Хўш, клубда ички муҳит қандай экан? Сизга бу ерга келгач, яна қандай қўшимча иш туғилди?

- Ички муҳит яхши. Улуғбек Бақоев жуда зўр жамоа тузиб кетган. Шароитлари ҳам кўнгилдагидек. Футболчиларга тайёргарлик кўриши учун ҳамма нарса бор. Шунинг учун бу ерда шароитлар ҳар томонлама аъло даражада. Муҳит бўйича ҳеч қанақа гап-сўз йўқ. Балки бир-иккита футболчиларга жавоб берармиз ва айрим янги ўйинчиларни оламиз. Бу оддий ҳол, ҳамма клубда шунақа ўзгаришлар бўлади. Таркибда тажрибали футболчилар бор ва ҳаммаси тезда тушуниб олишади. “Локомотив” билан 2:2 ўйнаган бўлсак ўйин жиҳатдан менга унчалик ёқмаганди. “Қизилқум”га қарши йигитлар яхши ўйнашди. Икки тайм мобайнида ўйин бизнинг назоратимизда ўтди. Кўриниб турибдики, футболчилар айтилган вазифани тез қабул қилиши ажойиб. Фақат икки марта бурчакдан тўп узатилишидан сўнг голлар ўтказиб юбордик. Сабаби, стандартлар бўйича ҳали тўлиқ ишламагандик. “Локомотив” билан баҳсда ҳам битта голни бурчакдан узатилган тўпдан кейин ўтказдик. “Қизилқум” билан учрашув шуни кўрсатдики, энди келаси мавсумда мен талаб қилаётган ва хоҳлаётган услубни футболчилар бажара оладилар.

- Жамоада “қария” футболчи Жасур Ҳасанов бор. У бу мавсумни юқори даражада ўтказди. Келаси йили ҳам у клубда қоладими ёки фаолиятини якунлайдими?

- Жасур Ҳасанов жуда тажрибали ўйинчи. Ўзи билан гаплашдим. Худо хоҳласа, Ҳасанов жамоада қолади. Агарда нимадир ўзгариб қолмаса, мен унга умид ишонч билдираман. Ўзи ҳам Жиззахда туғилиб ўсган. Жасурни қолдирамиз, яна бемалол ўйнай олади.

ёркин

- Виталий Денисовнинг ёзда клубга келиши ҳам шов-шувли бўлганди. Биламизки, шартномаси мавсум охиригача эди. Унинг масаласи нима бўлади?

- Виталий Денисов билан ҳам бирга-бир гаплашиб олдик. Мени ҳам хабарим йўқ эди, у жамоага келганида йиғин ўтмаган. Жароҳати бўлгани учунми ёки бошқа сабаб туфайлими, балки “Сўғдиёна”га унчалик кўп ёрдами тегмагандир. Лекин кўриниб турибдики, Денисов профессионал. Охирги ўйинда ҳам ўзини кўрсатди. Барибир тажрибаси бор, турли клубларда ўйнаган. Ҳозирча у тўғрисида аниқ гап-сўз йўқ. Ҳали раҳбарият билан футболчилар бўйича ҳам гаплашиб оламиз.

- Жамоада легионерлар ҳам бор. “Сўғдиёна”даги хорижлик футболчилар борасида фикрингиз қандай?

- Дарвозабонимизни ҳали шартномаси бор. Шу сабабли Митровични клубда қолиши аниқ. Қолган легионерларни кўриб чиқамиз. Албатта, бошқаларни ҳам даражаси яхши. Лекин раҳбарият билан маслаҳатлашамиз. Бу ерда легионерлар асосан ҳимояни кучайтириш учун жалб қилинган. Аммо олдинги чизиғимизга ҳам битта легионер олишни мўлжаллаб турибмиз. Шунинг учун қолган легионерларнинг ўйинларини таҳлил қилиб чиқяпмиз. Фақат дарвозабонимизни амалда яна шартномаси борлиги учун қолади. Бошқаларни кўриб чиқамиз.

- Юқорида айрим футболчиларга жавоб берамиз дедингиз. Айнан кимлар клубдан кетади?

- Ҳозир уларни номларини айта олмайман. Аммо Баҳодир Насимов билан гаплашдик. У бундай даражада ўйнамайман, балки фаолиятимни Самарқандда давом эттиришим мумкин деди. Шунга ўхшаган яна бошқаларни ҳам кўриб чиқамиз. Олдимизда ҳали вақтимиз бор. Ҳозир қайси ўйинчилар кетиши бўйича аниқ жавоб йўқ.

ёркин3

- Умуман олганда, таркибда неча фоизга ўзгариш кўрамиз?

- Ўзи Регламент бўйича фақат 10 та ўйинчи олиш мумкин. Барибир жамоа ўзаги қолади. Фақат уларни ёнига торта оладиган футболчиларни йиға олсак, мақсадимизга эриша оламиз.

- Улуғбек Бақоев бошчилигида “Сўғдиёна” кўпроқ чақилмас ёнғоқ сифатида шаклланган. Унинг услуби ҳимояга эътибор қаратилган ҳолда стандартлар орқали ўйин ташкил қилинади. Сизни услубингиз ҳужумкорроқ. Айтмоқчиманки, энди “Сўғдиёна”да бошқача ўйин услубини кўрамизми?

- Режаларга келсак, Бақоев раҳбаримиз айтганидек, ўз ишини аъло даражада бажариб кетди. Уни жамоадан ҳеч ким ҳайдагани йўқ. Шунчаки мураббий бу клубдаги охирги йилим дея кетди. Бақоев жамоада пойдевор ўрната олди. Бу ёғига ўша пойдевор устига ўзимизникини ўрнатамиз. Услубимизни “Сўғдиёна”га мослаштириб, янада қизиқарли ва кучлироқ жамоа тузишга ҳаракат қиламиз. Бу йил учталикда бўлган “Пахтакор”, “Насаф” ва “Навбаҳор”га келаси йили рақобатбардош жамоа тузамиз, Худо хоҳласа.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бу менинг ватаним
14/11/2022 17:41
Ман тушунмадим Лазаревич келиши керак эдику, Назаров кайси командани коялатиб куйди, ундан Бакоев яхшику эссиз Сугдиёна суперлигада жон саклайдиган команда булар эканда
&
Bek 56
14/11/2022 15:36
Шу Ёркин бу'лади хозирги отмка ни ту'пурарлардан бири Мартин Боакани текинги берворган яхши футболчимас деб жиззахлик мухлислар сизларни хам футболчиларингни сув текинга тошкент жамоаларига берворади
&
Бу менинг ватаним
14/11/2022 17:43
Бу аникку
Бахтийор Бобойиб
14/11/2022 14:39
Янаги йил
Бахтийор Бобойиб
14/11/2022 14:37
Бакоев бекорга кетди. Энди Сугдиена охирги уринлар у.н курашади.