"Айрим футболчиларимиз таркибимизга Ўзбекистонда қўшилишади" - Тожикистон терма жамоаси устози Намангандаги турнир олдидан қандай фикрда?
Тожикистон миллий терма жамоасини ҳам Наманганда ташкил этиладиган “Navruz Cup-2022” халқаро мусобақасида иштирок этишидан хабарингиз бор.
Билсангиз керак, тожикистонликлар яқинда янги бош мураббийни тайинлашди. Хорватиялик Петр Сегрт янги лавозимда ишга киришган. Шуни қўшимча қилиш керакки, Ўзбекистонда ташкил этилаётган кичик турнир Сегрт учун Тожикистон терма жамоасидаги илк йиғини ва мусобақасига айланади.
Ҳозирда янги бош мураббий эътиборини Намангандаги бўлажак учрашувларга қаратган. Ундан олдин эса Тожикистон футбол лигаси Кубоги мусобақаси ўтказилди. Ушбу турнир якунида Петр Сегрт “Navruz Cup-2022” учун Тожикистон терма жамоасига чақирилган 25 нафар ўйинчилар рўйхатини эълон қилди. Тожикистонликлар 25 март куни Наманганда Уганда терма жамоасига қарши майдонга тушади. Хорватиялик мутахассис қуйидагича муносабат билдирди.
- Мен “Navruz Cup-2022” мусобақаси учун Тожикистон терма жамоасига таклиф қилинган 25 нафар футболчи рўйхатини эълон қилдим. Захира рўйхатига дарвозабон Қурбонали Бобоев, ҳимоячи Бохир Сангинбоев, Абдумўмин Забиров, шунингдек, ҳужумчи Абдухалил Боронов каби ўйинчилар ҳам киритилган. Асосий таркибдаги футболчилардан кимдир жароҳат олса ёки бетоб бўлиб қолса, терма жамоага юқоридаги ўйинчилар таклиф қилинади.
Тожикистон футболи лигаси Кубоги мамлакат терма жамоаси бош мураббийи сифатида мен ва ёрдамчиларм учун жуда қизиқ ўтди. “Хатлон” клубини турнирда ғолиб чиққани билан табриклайман. Бундан ташқари, мос равишда 2- ва 3-ўринларни эгаллаган “Равшан” ва “Эсхата” клубларини ҳам муборакбод этаман. Мен мусобақа давомида кўплаб учрашувларни кузатдим. Апрель ойида эса “Истиқлол” ўйинчиларининг Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокини томоша қилиш мақсадида Саудия Арабистонига боришни режалаштиряпман.
Кубок мусобақаси муваффақиятли ўтди. Ушбу турнирни ўтказган ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман. Чунки барчаси кўнгилдагидек ташкиллаштирилган. Менда барча футболчилар яхши таассурот қолдиришди. Улар қийин об-ҳаво шароитида ҳаракат қилишди. Шу боис бир нечта вазиятлардан тўлиқ фойдалана олишмади. Шунга қарамай, бор имконияти билан курашишди.
Яна шуни ҳам айтишим керакки, олий лига мураббийлари билан ўртамизда майдон ташқарисида ўзаро мулоқот ҳам бўлиб ўтди. Улар менга жуда яхши маълумотларни етказишди. Шунингдек, Тожикистон футболи маданиятига доир кўплаб янги маълумотларни ҳам билиб олдим. Лекин яна шуни ҳам айтмоқчиманки, апрель ойида Тожикистон чемпионати ва Осиё Чемпионлар лигаси бошланишидан аввал Тожикистон терма жамоаси билан дастлабки турнирда қатнашишимиз керак. Шундай экан, бўлажак мусобақа ўйинчиларимизни иш устида ҳамда кучли рақиб босими остида кўриб олишимга имкон беради.
Терма жамоадаги кўплаб ўйинчилар билан илк учрашдик. Айрим футболчилар эса терма жамоамиз сафига Ўзбекистонда қўшилишади. Яқин ойларда барча футболчиларни Тожикистон чемпионати доирасида кўриб олиш учун бизда кўп вақт бўлади. Шуни ҳам айтмоқчиманки, Тожикистон терма жамоаси эшиклари барча футболчилар учун очиқ. Бу шунчаки шиор эмас, балки менинг позициям, - дейди Сегрт.
Фикрлар