Азарнинг “Реал”дан хафсаласи пир бўлди

“Реал”да юлдузлик мавқеини бой берган Бельгия терма жамоаси етакчиси Эден Азар жамоадаги аҳволидан умуман қониқмаяпти, деб хабар тарқатди Goal.com сайти.

Манбанинг таъкидлашича, 31 ёшли ярим ҳимоячи жамоа бош мураббий Карло Анчелоттининг унга ишонч билдирмаётганидан хафсаласи пир бўлган. Азар жисмоний тайёргарлик бўйича муаммолари ортда қолгани ва жамоага ёрдам беришга тайёр эканини уқтирмоқда. Бельгиялик футболчи “Барселона”га қарши ўтказилган ва 0:4 ҳисобида бой берилган баҳсда унга имкон берилмаганидан хафа.

Аслида “Реал” Криштиану Роналду “Ювентус”га ўтиб кетганидан кейин 2019 йилда Азарни катта умидлар билан трансфер қилган эди. Роналдунинг ўрнини босишга қодир деб ҳисобланган бельгиялик ҳужумкор футболчи учун мадридликлар 115 миллион евро тўлаган. Аксига олиб, қимматбаҳо футболчи испан футболига мослаша олмади.

Жорий мавсумда Азар Испания чемпионатида 17 та учрашувда қатнашиб, атиги битта голли пас оширди холос.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!