Азим Аҳмедов: "Андижон" билан ўзгача ҳисоб-китобимиз бор"
Ўзбекистон Суперлигасининг сўнгги, 26-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Андижон” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 32 ёшли тажрибали сардори Азимжон Аҳмедов бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Жамоамиз жорий мавсумнинг охирги баҳсини “Андижон”га қарши ўтказади. Мазкур клублар турнир жадвалида қайси ўринда бўлишидан қатъий назар, “водий дербиси” ўйинлари доимо шиддатли ва кескин курашлар остида кечган ҳамда бу сафарги баҳс ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта.
Бундан ташқари, жамоамизда совриндорлар сафидан жой олиш имконияти сақланиб қолган, шунингдек, бўлажак рақибимиз “Андижон” билан Суперлига ва Ўзбекистон кубоги финалидаги аламли мағлубиятлар учун ўзгача ҳисоб-китобимиз бор. Шунинг учун бўлажак ўйинда майдонга ўзгача руҳ ва иштиёқда тушиб, ғалаба қозониб, мухлисларга қувонч улашиш, жорий мавсумнинг сўнгги баҳсини ижобий тарзда якунлашга ҳаракат қиламиз ҳамда буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан.
Фурсатдан фойдаланиб, жорий мавсумда жамоамизга барча шароитларни яратиб берган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Шокиржанович Абдураззоқов ва “Навбаҳор” клуби вице-президенти Отабек Арифович Саматовларга футболчилар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман, - деди Азимжон Аҳмедов.
"Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар