Азиз Абдуҳакимов: "Cоғлом ҳаёт аввало, ўзимиздан бошланади"

Хабарингиз бор, бугун 22 сентябрь – "Халқаро автомобилсиз кун" муносабати билан мамлакатимизда кенг миқёсда велоспорт тарғиботи бўлиб ўтмоқда.

Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов пойтахтимизда ўтказилаётган тадбирда ушбу воқелик ҳақида ўз фикрларини билдирди.

"Велосипед учун йўллар қачон пайдо бўлиши мумкин? — албатта ундан фойдаланувчилар кўп бўлган вазиятда. Бунга оддий ҳол сифатида қараш керак. Фуқароларимиз бу вазиятга ўзларининг фаол позицияларини билдиришлари зарур.

Яъни ҳар бир юртдошимиз масъулиятни чуқур англаган ҳолда спорт билан шуғулланишга жиддий эътибор қаратса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Албатта бунда кабинет ва уйда ўтирганча ҳукуматдан нолийвериш яхшимас. Ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик бўлишида спортга қизиқиш омили муҳим. Ҳар ким иш ва ўқишдан чиқиб, вело сайрни йўлга қўйса, бу кейинчалик ҳам кўпчилик орасида одатий ҳолга айланиб боради. Ушбу спорт турини оммавийлаштириш ўз қўлимизда.

Шубҳасиз бу ерда ҳукуматга кўп нарса боғлиқ. Автойўллар борасида кўтарилаётган танқидларни ўринли деб айта оламан. Бироқ барча кутган мукаммал шароитни бир кунда яратиб бўлмайди. Мутасаддилар ҳаракатдан тўхтаб қолмаган. Аввалги йўл ва трассалар билан ҳозиргилари орасида фарқ жуда катта, бу борада қўлдан келганча ҳаракат қилмоқдамиз. Биргина мисол қилиб, Амир Темур, Қўйлиқ ва Нукус кўчаларини олиш мумкин, бу ердаги автойўлларда юртдошларимиз бўш вақтларини анча мазмунли ўтказмоқда.

Аслида соғлом ҳаёт барчанинг ўзига керак. Бироқ баъзи ҳолларда айрим кишилар спортга яратилаётган имкониятлар салмоғини кескин ва айрим ҳолларда ноўрин танқид қилиб юборади. Давлат ташкилотлари ва идоралар ҳафтада бир кун бевосита спортга вақт ажратиб, бир шиор остида бирлишишмоқда, бу эса оз бўлсада мамлакатимизда спорт тарғиботига хизмат қилишига ишонаман.

Шунингдек, спорт тарғиботида ОАВнинг ҳам ўрни анча юқори. Велоспорт федерациясининг шу пайтгача қилган ишларини кўпчилик четда қолдиряпти. Бугунги кунда ҳар бир қурилаётган катта магистрал йўллар ёнидан мос равишда велосипедлар учун стандарт типдаги махсус трассалар ётқизилиши ҳам одат тусига айланиб қолган.

Албатта, бу ишларнинг салмоғи кўпайишига ишонаман. Бу Президент фармонлари билан ҳам қонуний равишда кучга кириб бормоқда. Бироқ шуни унутмаслигимиз керакки, юқорида таъкидлаганимдек, соғлом ҳаёт аввало ўзимиздан бошланади, уни хоҳловчи одам кимдир унга йўл қуриб беришини кутиб ўтирмайди. Аввало, шунга эринмасдан ҳаракат қилиб кўришимиз керак", — дейди Азиз Абдуҳакимов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!