Азиз Ғаниев нима учун Осиё кубогига олиб кетилмайди? У Катанецга тўғри келмадими?!
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё кубоги олдидан 28 кишилик рўйхати шакллантирилди. Ушбу таркиб Қатарга йўл олади ва улардан 26 нафари турнирда иштирок этади.
Кўпчилик эса таркибда нега Азиз Ғаниев йўқлиги бўйича танқидий фикрлар билдирмоқда. Ушбу мавзуда SPORTS.uz сайти журналисти Яҳёхўжа Улуғхўжаев ўзининг Телеграм канали орқали ўз муносабатини билдирди.
"Азиз Ғаниевнинг таркибдан тушиб қолгани кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Тўғри, Азиз жамоасида стабил ўйин кўрсатиб келаётган легионерларимиздан, аммо масаланинг негизи бошқа. Ғаниев ўйин манераси борасида бугунги схемамизга мос тушмайди.
5-2-3 да ҳам, 4-3-3 да ҳам Катанец стратегиясида эркин ярим ҳимоячига эҳтиёж йўқ. Юқорида Эрон билан ўйинда фойдаланган иккита схемамиз акс этган. Уларда креативликдан кўра прессингда кўпроқ наф келтирадиган классик марказий ярим ҳимоячилар учунгина жой бор, холос. Азиз ТОП футболчи, аммо ҳозирга схемада у кучли жиҳатларини кўрсатишнинг имкони йўқ.
Мени Акмал Мозговойнинг йўқлиги кўпроқ хайрон қолдирди. "Аки" 6 ва 8 ни бирдек яхши ўйнай оладиган футболимиздаги уникумлардан бири. У бемалол Ҳамробеков ёки Шукуров ўрнида ўйнаб, ротацияга имкон яратиши мумкин эди", - дейилади хабарда.
Фикрлар