Бабаян бизни уялтириб қўймайди...
Ўзбек мураббийлари орасида илк бор Хитой чемпионатида иш бошлаган Самвел Бабаяннинг у ердаги фаолияти қандай кечиши барчани қизиқтираётган бўлса ажаб эмас. Аммо ҳозирча пандемия туфайли у ерда чемпионатга ҳали старт берилгани йўқ.
Шунга қарамай, Бабаян бошқарувидаги “Чангчун Ятай” тайёргарликни давом эттирмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи Вадим Абрамов эса унинг Хитойдаги фаолияти борасида ўз қарашларини билдирди.
- Албатта, юртимиздаги мураббийнинг ишлаш учун хорижга йўл олиши ҳар қандай кишини қувонтирмасдан қолмайди. Мен ҳам ўзбекистонлик ишқибозлар сингари унга Хитойдаги фаолиятида омад ёр бўлишини тилаб қоламан холос.
Ахир у бизнинг ватандошимиз. Ахир ватандошларнинг қайси соҳада бўлмасин, хорижда иш юритиши шу ерда қолганларни қувонтиради холос. Агар Бабаян Хитойда ўзини яхши томонлама кўрсатса, хорижликларнинг ўзбек мураббийларига бўлган қарашлари тубдан ўзгариши тайин. Мабодо, бунинг акси бўлса, умумий ҳолат салбийлигича қолаверади.
Ўзбекистонлик ҳар бир ишқибоз каби мен ҳам буни умуман истамаган бўлардим. Чунки ўз вақтида Самвел Бабаян миллий терма жамоамизни бошқарган. Умид қиламанки, Бабаян бизни уялтириб қўймайди, - деди Абрамов.
Тез орада Вадим Карленович билан уюштирилган суҳбатнинг тўлиқ матнини сайтимизда ўқишингиз мумкин.
Фикрлар