"Бабаяннинг кетганидан ҳайрон бўлмадим, наманганлик мухлислар қўнғироқ қилишди" - Бахтиёр Ашурматов
Мухлисларга яхши таниш бўлган мутахассис Бахтиёр Ашурматов анчадан бери бирор клубда кўриниш бергани йўқ.
Яқинда “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига бир қатор номзодлар тилга олинмоқда. Уларнинг орасида айнан Бахтиёр Ашурматов ҳам бор. Хўш, бу қанчалк асосли? Шу сабабли Sports.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу мураббий билан боғланди ва қатор масалаларда суҳбатлашди.
- Гапни дангал бошлаймиз. Сизни яна “Навбаҳор”га қайтишингиз мумкинлиги ҳақида эшитдик. Бунда ҳақиқат борми?
- Гапнинг очиғи, Самвел ака Бабаян жамоадан кетганини эшитиб хайрон бўлмадим. Чунки натижа бўлмаса мураббий жавобгарликни ўз бўйнига олади. Наманганлик мухлислар қўнғироқ қилишди. Бахтиёр ака алоқага чиқишдими сизга, келсангиз хурсанд бўламиз деб. Қайси жамоада ишлаган бўлсам хам мухлислар билан доимо дўстона муносабатда бўлганман. Айниқса, наманганлик мухлислар менинг қалбимдан чуқур ўрин олишган. Мен учун наманганлик мухлислар ва қўқонлик мухлислар дунёда энг зўр мухлислар. Наманганлик мухлисларга раҳмат. Менга ишонишгани ва доимо қўллаб- қувватлаганлари учун. Доимо соғ-саломат бўлишсин. “Навбаҳор”га мураббийликка бир нечта номзод борлигини эшитдим. Лекин мен “Навбаҳор” жамоаси раҳбарлари билан музокара олиб борганим йўқ. Жамоага қайси мураббийни таклиф қилиш қарорига келишса ҳам “Навбаҳор” жамоаси, унинг мухлислари учун хайрли бўлсин. Мен эса бор эътиборимни болалар футболига қаратганман. Футбол мактабимизни ривожланиши учун изланишдаман.
- Бабаяннинг Навбаҳордан кетишини кутганмидингиз?
- Самвел ака Бабаяннинг “Навбаҳор”дан кетишини кутгандим. Чунки натижа яратиб берилган шароитларга яраша бўлмади. “Навбаҳор”нинг мухлислари Ўзбекистонда энг зўрларидан, ажойиб тарзда жамоани қўллаб-қувватлашди. Раҳбарият ажойиб шароитлар яратиб берди. Самвел ака ҳам яхши натижа учун ҳаракат қилди. Лекин натижа шунга яраша бўлмади. Тағин ҳам жамоа мухлислари ва раҳбарияти сабрли бўлишди. Мураббийлар штабига охиригача имконият беришди. Лекин дербидаги “Андижон”га мағлубият жуда аламли бўлди. Бош мураббийга ҳам бу мағлубият оғир бўлганлиги аниқ. Қўшимчасига Самвел аканинг соғлигида муаммо пайдо бўлди. Бироқ менинг фикримча “Андижон”даги мағлубиятдан кейин мураббийни алмаштириш қарорига келинган ёки Самвел ака натижа бўлмаганлиги учун кетишга қарор қилган.
- Яна мураббийликка қайтиш истагингиз борми?
- Ростини айтаман: Суперлига жамоаларида ишлашга ҳозир катта хоҳишим йўқ. Ҳозирги ишимга бор вужудим билан киришганман. Лекин доимо айтганман: мен ишлашни хоҳлаган бир-иккита жамоа бор. Бу жамоалардан таклиф бўлса кўриб чиқишим мумкин. Бошқа клубларга бош мураббийликка ёки бошқа лавозимга чақиришса бу таклифларни ўйламасдан ҳам рад қиламан ва бор эътиборимни ҳозирги ишимга қаратаман.
- Энди ўзингизни бутунлай болалар футболига бағишлайсизми?
- Кўпдан бери футбол мактаби очишни режалаштириб юргандим. Худога шукр, жиянларим Рустамжон ва Нодиржон билан маслаҳатлашиб биргаликда футбол мактаби очишга муваффақ бўлдик. “Ashurmatov junior” футбол мактабимиз энди ривожланмоқда. Шу сабабли бошлаган ишимизни охиригача етказмоқчиман. Худога шукр меҳрим тушган шогирдларим бор. Уйимдан узоқдаги жамоаларда ишлаб фарзандларимга ҳам эътиборни камайтириб юборган эканман. Ҳозир учта ўғлимни ўзим қўшимча шуғуллантиряпман. Улар ҳам кўз тегмасин яхши томонга ўзгаришди. Шогирдларимни ва бошлаган ишимни ташлаб кетишга кўзим қиймайди. Футболга борадиган фарзандларим келажаги учун ҳам ҳозирги ишим фойдалироқ.
- Адашмасам, сизга Қирғизистондан ҳам таклиф тушган экан-а?
- Мавсум бошида шунақа гап бор эди. Лекин айрим сабабларга кўра бу иш амалга ошмади. Бир йил давомида ишламадим. Мавсум бошида айрим жамоаларга ўринбосарлар таркибида бўлса ҳам ишлаш ёки бирорта ёрдамчи лавозимида ишлаш таклифи билан ҳам айрим клубларга таклиф билан чиқдим. “Бухоро”да ёрдамчи бўлиб ишлаш фикри ҳам бор эди. Лекин бу ишлар ҳам амалга ошмади. Худога шукр, ҳаммаси яхшиликка бўлган экан. Ҳозирги ишимдан роҳатланяпман. Тўғри, бир кунда 6-7 соат ишлашга тўғри келяпти. Лекин олдига аниқ мақсад қўймаган жамоаларда ёки бош мураббийликдан бошқа лавозимда ишлагандан кўра ҳозирги ишим яхшироқ. Ваҳоланки, қайси жамоада ишлаган бўлсам виждонан ишлаганман. Бюджети катта бўлмаган жамоаларда ишлаганман. Аввало Худо, лекин бюджети яхши жамоаларда ишлаганимда ва вақт берилганда ишончим комил яхшироқ натижа кўрсатган бўлардим, деб ўйлайман. Мендан доимо катта натижалар кутишган. Бюджети кам жамоаларда ишлаганим ҳеч кимни қизиқтирмаган. Бюджети кам жамоаларда ишлашимга қарамасдан виждонан ва яхши натижа учун ҳаракат қилганман. ОКМК билан Кубокдаги ғалаба, “Қўқон-1912” жамоаси билан Суперлигада 5-ўрин олганимиз, “Турон” билан ўтиш ўйинида “Локомотив”ни ютиб Суперлигага чиққанимиз, “Навбаҳор” билан 2014-2015 йилги мавсумда 4-5 ойлаб пул олмасдан ҳам Суперлига етакчи жамоаларига муносиб қаршилик кўрсатганимиз мураббийлик фаолиятимдаги мен учун эсда қоларли ютуқлар деб ўйлайман. Чунки ўша йиллари “Навбаҳор”да ҳозирги шароитларни ўндан бири ҳам йўқ эди. Шу сабабли ҳам наманганлик мухлислар ҳозиргача ўша йиллардаги жамоани илиқ эслашади. Бундан ортиқ натижага эришиш ҳар қандай мураббийга ҳам осон бўлмасди. Ишлаган пайтимда кўп нохолисликларни кўрдим. Шу сабабли олдингидек қайси жамоа раҳбари ёрдам беринг деса обдан ўйламасдан рози бўлмайман ёки бюджети кам юқори ўринларга курашиш имконияти йўқ жамоалар таклифини кўриб чиқмайман. Гапни индаллоси ҳозирги ишимни ташлаб кетиш ниятим йўқ. Тўғри, эртага нима бўлиши ёлғиз Аллоҳга аён. Боя айтганимдек, мен ишлашим мумкин бўлган бир-иккита жамоа бор. Лекин мавсум бошида мен ишлашга тайер бўлган жамоалар мени ишга таклиф қилишса ҳам бормаган бўлардим.
- Умуман, кучли таркибга эга бўлган "Навбаҳор" нега охирги пайтларда муваффақиятсиз қатнашяпти, деб ўйлайсиз?
- Очиғи, “Навбаҳор”нинг бу мавсумда бунақа кўп очко йўқотишини кутмагандим. Мен учун ҳам бу жумбоқ. Чунки чемпионлик учун жамоада ҳамма шароитлар етарли. Ажойиб шароит яратиб бераётган раҳбарият, ажойиб мухлислар, яхши таркиб бор. Аммо натижа қониқарли эмас. Балки мураббий ўзгариши жамоага яхшиликка бўлар. Ўйлайманки, бу мавсумда “Навбаҳор” охиригача чемпионлик учун курашади. Фикримча, бу йилги мавсумда барибир чемпионликка асосий даъвогарлар “Навбаҳор” ва “Насаф” жамоалари деб ўйлайман. Тўғри бу йил чемпионликка кўп жамоалар курашяпти. ОКМК яхши ўйин кўрсатяпти. “Нефтчи” яхши таркиб туза олган. Бироқ кутилмаганда кўп очколар йўқотмоқда. “Сўғдиёна” ҳозир яхши ҳолатда. “Андижон” яхши ўйин кўрсатмоқда. Шу сабабли чемпионлик учун кураш қизғин кечади. Мен учун эса 1-давранинг энг яхши жамоаси “Андижон”, энг яхши мураббий Хомяков, 1-давранинг энг яхши мухлислари “Андижон” мухлислари. Чемпионлик учун курашаётган ҳар бир жамоага ва ҳар бир жамоанинг мухлисларига омад тилайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар