Бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати бошланишидан аввал олтин медалларни қўлга киритдик

Таиланднинг Паттайя шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати старт олмоқда. Мусобақалар бошланишидан аввал Осиё гимнастика иттифоқининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда ташкилотнинг гимнастикани ривожлантириш борасида ортда қолган вақтда қилинган ишлари сарҳисоб қилиниб, олдинда турган қатор вазифалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида 2017 йилги қитъа биринчилигининг жамоавий баҳслардаги олтин медаллари ҳамюртларимизга топширилди. Гап шундаки, ўшанда Қозоғистон терма жамоаси ғалаба қозонган, қизларимиз эса иккинчи ўринни қўлга киритган эдилар. Бироқ Қозоғистон терма жамоаси гимнастларининг қон таҳлилидан олинган допинг намуналари ижобий натижа кўрсатгач, қозоғистонлик спортчиларнинг кўплаб турнирлар қатори ушбу мусобақадаги натижалари ҳам бекор қилинди. Шу тариқа Анастасия Сердюкова, Сабина Ташкенбаева, Нуриниссо Усмонова ва Анора Давлатовага тегишли бўлган олтин медаллар Ўзбекистон гимнастика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Руслан Мустаевга топширилди. Шунингдек, мусобақада тўпда машқ қилиш бўйича тўртинчи ўринда қолиб кетган ҳамюртимиз Анастасия Сердюкова ҳам қозоғистонлик рақибаси четлатилиши ҳисобига бронза медалига сазовор бўлди.

Бу йилги қитъа биринчилигида терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилувчи жамоамиз таркиби қуйидагича:

Яккалик: Сабина Ташкенбаева, Нуриниссо Усмонова ва Екатерина Фетисова.

Гуруҳ баҳслари: Нилуфар Шомуродова, Динара Равшанбекова, Софиябону Касимова, Камола Эрназарова, Ксения Александрова ва Севара Сафоева.

Таъкидлаш жоиз, катталар ўртасидаги мусобақа билан параллель ўсмирлар ўртасида ҳам қитъа биринчилиги ўтказилади. Ўсмирлар терма жамоаси таркиби:

Яккалик: Ёсмина Раҳимова, Тахмина Икромова
Гуруҳ баҳслари: Нилуфар Аъзамова, Камила Абдуллаева, Виктория Ким, Мадина Эрназарова ва Мумтозабону Исҳақзода.

Манба: МОҚ сайти

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!