Баҳодир Жалолов: Кличко услубида жанг қиламан
Юртимизда ҳам мазкур вазнда ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришган Темур Ибрагимов, Руслан Чагаев каби машҳур боксчиларимиз фаолият олиб боришган. Уларнинг спортдаги шонли йўлларини давомчиси сифатида кўп карра Республика чемпиони, Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати бронза медали совриндори Баҳодир Жалолов ҳам чемпионлик пиллапоялари сари одимламоқда.
www.SPORTS.uz сайти Баҳодир билан уюштирилган эксклюзив интервьюни ҳавола этади.
- Баҳодир профессионал рингдаги кейинги жангингиз қачонга режалаштирилган. Рақиб ким бўлиши мумкин?
- Ҳозир 3 босқичли тайёргарлик жараёнини бошлаш арафасидаман. 6 июнь куни Қирғизистонга учиб кетаман. У ерда ярим оғир вазнда WBA йўналиши чемпиони россиялик Дмитрий Бивол ва оғир вазнли кучли боксчилардан бири Сергей Кузьминлар билан ўқув-йиғин машғулотларини ўтказамиз. У ердан қайтгач, иккинчи босқич Санкт-Петербург шаҳрида бўлади. Учинчи босқич учун Америкага кетамиз. Насиб этса, яқин икки ойда навбатдаги жангимни ўтказиб, NABF чемпионлик камаримни ҳимоя қиламан. Рақибим ким бўлиши 1 ой ичида аниқланади.
- Промоутерлар билан келишган ҳолда рақиб танлаш имконияти борми, ёки фақат улар таклиф қилган боксчи билан жанг қиласизми?
- Ҳозир фақат промоутерларим айтган рақиб билан беллашаман. Ҳали у қадар кучли боксчи билан рингда учрашганим йўқ. Супер оғир вазнда рақобат жуда юқори эканлигини инобатга олиб, промоутерларим яна бир йил давомида рейтинг жангларини ўтказишни, керакли кўникма ва тажрибани орттириб, кейин эса кучли ўнталик, йигирматаликка кирган боксчиларни рингга чақиришни режалаштиришган.
- Баъзида беллашувга саноқли кунлар қолганда рақиб алмашишига тўғри келади. Бу жиҳат спортчининг руҳий ва функционал ҳолатига қай даражада таъсир ўтказади?
- Фаолиятимнинг бошланғич даври бўлгани боис, рақиб ўзгариб қолиши эҳтимоли менга у қадар сезиларли таъсир ўтказмайди. Ҳар хил вазият бўлиши мумкин, масалан, боксчи тиббий кўрикдан ўтолмай қолиши, машғулот вақтида кутилмаган жароҳат олиши ёки жангга тайёр эмаслигини ҳис қилса, беллашувдан бош тортиши мумкин. Лекин аҳамияти юқори, чемпионликка даъвогарлик ёки чемпионлик жанглари олдидан бу каби ҳолатлар кам кузатилади.
- Жо Жойс, Иван Дичко каби кучли боксчилар билан ҳаваскорда жанг қилгансиз. Иккиси ҳам ҳозир профессионалда. Улардан реванш олиш режангизда борми?
- Шубҳасиз, Жойс ва Дичкони проф рингда мағлуб этишни ният қилганман. Уларни ҳозир ҳам жангга чақира оламан. Бироқ, айни пайтда мен ҳам, улар ҳам рейтингда юқорилаш учун ҳаракат қиляпмиз. Фаолиятимизнинг бу даврида рингда учрашиш ҳар биримиз учун ножоиз деб биламан. Карерамизни ривожлантириб, юқори рейтинглардан мукаммал ўрин эгаллаб, ундан кейин чемпионлик камарлари учун катта жанглар ташкил қилсак арзийди.
- Америкада машғулотлар ўтказяпсиз. АҚШлик боксчилар эса дунёда энг кучлилардан. Уларда шаклланган бокс мактабига қандай баҳо берасиз?
- Тан олиш керак, Америка ва Мексикада профессионал бокс жуда илғорлаб кетган. Чунки улар ҳаваскор боксга у қадар эътибор қаратмай, тўғридан-тўғри профига қадам қўйишади. Лекин ғурур билан айта оламанки, ҳозирги кунда ҳаваскорларда ўзбек бокси дунёда етакчи. Ҳамма тан берадиган Кубани ҳам ортда қолдирдик. Осиёнинг энг кучли жамоаси деб топилишимиз, Рио олимпиадасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашимиз ҳам фикримга далил бўлади.
- Бир ой муқаддам Осиё чемпиони бўлдингиз. Токио олимпиадаси учун саралаш мусобақаларида қатнашасизми?
- Албатта. Жорий йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати ва олимпиада ўйинларига лицензия бериладиган саралаш мусобақаларда иштирок этиб, насиб этса Токио олимпиадасига боришни мақсад қилганман.
- Жанг олиб бориш услубингизни ака-ука Кличколарга қиёслашади. Бунга қандай муносабат билдирасиз?
- (кулади) болалигимдан ўзбек Кличкоси деб ҳазиллашиб келишади. Ўзим ҳам собиқ мутлоқ жаҳон чемпиони Владимир Кличконинг жангларини томоша қилиб, у каби боксчи бўлишга ҳавас қилардим. Мураббийларим ҳам Кличкога ўхшаб жанг қилсанг, яхши натижаларга эришасан дейишарди. Шунинг учун, рақибларимга қарши кўпинча Кличко услубида жанг қиламан.
- АҚШда қайси кучли боксчилар билан спарринглар ўтказдингиз?
- АҚШда бир неча номдор боксчилар билан спарринг ишладим. Шулар сирасига нокаутга учратувчи зарбаси билан танилган кубалик Луис “Кинг Конг” Ортис ва икки марта олтин камар учун жанг қилган Доминик Бризил билан спарринглар ўтказдим. Хабарингиз бор, Ортис ҳам, Бризил ҳам WBC йўналишининг амалдаги чемпиони Деонтей Уайлдер билан баҳс олиб боришган. Яна бир янгилик, промоутерларим яқин вақт ичида мени Деонтей Уайлдерга спарринг рақиб қилиб жўнатишмоқчи.
- Баҳодир, спортда эришган натижаларингизни муносиб баҳолаган ҳолда, куни кеча Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан сизга уй ҳадя этилди. Қандай ҳиссиётларни бошдан кечиряпсиз?
- Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан уй совға қилиниши, менга билдирилган катта ишонч ва рағбат деб биламан. Шу ўринда вилоят ҳокими ва ҳокимлигига, президентимизга, дуогўйларимга ва мени қўллаб-қувватлаб турган барча юртдошларимизга ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман. Профессионал боксда ҳам, олимпиада ўйинларида ҳам ғолиб бўлиб, Ўзбекистон довруғини дунёга танитиб, ишончингизни оқлашга ваъда бераман.
- Баҳодир, мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Машаққатли фаолиятингизда зафарлар тилаб қоламиз.
- Раҳмат.
Фазлиддин Ҳусниддинов суҳбатлашди.
Фикрлар