Баҳром Абдураҳимов "Насаф" билан бирга эмас. Нега?
Қаршининг “Насаф” клубида жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Сайтимиз орқали бу борада сизларни бохабар қилиб бормоқдамиз. Янги футболчилар билан шартномалар имзоланиши билан бир қаторда “Насаф”ни тарк этаётганлар ҳам бор.
“Аждарлар”нинг тиниб-тинчимас, меҳнаткаш футболчиси Баҳром Абдураҳимов ҳозирда Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоа билан бирга эмас. Яқинда футболчининг ўзи Sports.uz сайтига берган интервьюсида жамоа билан шартномаси тугаётгани, таклифлар бўлаётгани ва аввало “Насаф” билан гаплашиши ҳақида маълум қилиб ўтганди. Орадан вақт ўтди, қаршиликлар янги мавсум учун йиғинга киришишган. Бироқ ҳалигача Абдураҳимов жамоага қўшилгани йўқ. Бу эса турли тахминлар пайдо бўлиши ҳамда гап-сўзларга сабаб бўлаётгани ҳам ҳақиқат.
Боиси, Баҳромга кўз тикиб турган клублар бор, бу аниқ. Гарчи бу йил 36 ёшни қаршилайдиган бўлса-да, у ҳамон кўринишидан ёш ва кучга тўла. Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраевга маълум бўлишича, Баҳром Абдураҳимов айни пайтда уйида, Шаҳрихонда индивидуал тарзда шуғулланиб турибди. Ўзи эса таклифлар борлигини ва ҳали ҳеч нима аниқ эмаслигини ҳам қўшимча қилиб ўтмоқда.
Афтидан, янги мавсумда “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг режаларидан ўрин олмаётганга ўхшайди. Акс ҳолда у уйида қолмаган бўларди, шундай эмасми? Балки бош мураббий унинг ўрнига бошқа номзодларни кўраётгандир ёки яна сиз билан биз билмайдиган бошқа гап ҳам бўлиши мумкин. Бу ердаги вазият шундайки, Абдураҳимов “Насаф”ни тарк этиши ва бошқа клубда тўп суриши вақт ўтган сари ойдинлашиб бораётгандек.
2023 йилда футболчи “Насаф” сафида (Суперлига, Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубоги баҳслари) 31 та учрашувда майдонга тушди. Клубда иккинчи йилини ўтказган ярим ҳимоячи бунга қадар “Андижон”, “Пахтакор”, “Металлург”, ОКМК ва “Навбаҳор” жамоаларида тўп сурган. Ўзи эса “Андижон” клуби тарбияланувчиси саналади. Албатта, у “Насаф”да қатор муваффақиятларга эришди ва фаолиятида ўчмас из қолдириши шубҳасиз. Бизнингча, яқин кунлар ичида Абдураҳимов билан боғлиқ вазият тўлиқ ойдинлашади. Унгача эса кузатамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар