Баҳром Ҳайдаров: "1-даврадан кейин 3-4 нафар яхши савиядаги футболчиларни таклиф қиламиз" ёхуд "Сурхон"да бош мураббий ким?

Чемпионатни бир текисда ўтказишга қийналаётган клублардан бири – “Сурхон” ниҳоят 9-турга келиб, мавсумдаги ўзининг иккинчи ғалабасини қўлга киритди. Илк муваффақиятли ўйини 1-турда юз берган бўлиб, ўшанда Термизда “Металлург” 1:0 ҳисобида мағлуб этилганди.

Энди эса “Турон” клуби ҳам Термизда ягона гол эвазига таслим этилди. Шу тариқа, “Сурхон”нинг очколари 7 тага етди ва жадвалда 12-ўринга кўтарилди. Айтиш жоизки, клуб анча пайт 13-ўринни ҳеч кимга бермай келди. Узоқ кутилган ғалаба эса жамоа аъзолари ва унинг мухлисларига бироз бўлса ҳам юпанч бўлиб турибди.

Кетма-кет очколарни йўқотилиши оқибатида ишқибозлар ранжиб қолгандилар. Аммо “Сурхон”нинг бахтига турнир жадвалида унинг атрофида жойлашган клублар ҳам тинмасдан очко йўқотмоқда. 9-турда “Андижон” ўз уйида ютқазган бўлса, “Сурхон” асосий таъқибчиси – “Турон”га қарши кечган олти очколик баҳсда ўта муҳим ғалабани қўлга киритди. Жамоани ўйинларга тайёрлаётган фарғоналик мураббий Баҳром Ҳайдаров ўша ўйин ҳақида шундай деди:

Баҳром1

- Бундай ўйинларга футболчиларни руҳан тайёрлаш қийин бўлади. Биз мураббийлар штаби қўлимиздан келганича йигитларни руҳий томондан пухта тайёрлашга ҳаракат қилдик. Чунки бундай учрашувларда руҳий устунлик катта роль ўйнарди. “Турон”ни мағлубиятга учрата олганимиз шуни кўрсатдики, биз тўғри йўналишда ҳозирлик кўрган эканмиз.

Аслида “Сурхон”нинг амалдаги бош мураббийи Руфат Акрамхўжаев. Лекин охирги пайтларда у жамоа ўйинида кўриниш бермаяпти. Учрашувлар чоғида асосан Ҳайдаров футболчиларга кўрсатма бериб турганини кўриш мумкин. “Турон” билан учрашувда ҳам шу мутахассис жамоани тайёрлади, десак янглишмаймиз ва ўйин чоғида ҳам майдон четида ўзи тик турган ҳолда “Сурхон” йигитларига кўрсатмалар бериб турди. Баҳром Ҳайдаров эса жамоадаги бош мураббий масаласи ҳақидаги саволга нима дейди?

Баҳром2

- Ҳозирги пайтда жамоани мен, Рустам Орипов ва Шавкат Абдухўжаевдан ташкил топган мураббийлар штаби билан шуғуллантириб келяпмиз. Бош мураббий лавозимига тайинланганим йўқ. Руфат Акрамхўжаевнинг жамоада кўринмаётганлиги ҳақида ўзи билан гаплашиб, билганингиз маъқул. Мен эса бу ҳақида ҳеч нима дея олмайман, - деб жавоб қайтарди, Ҳайдаров.

Афтидан, бу клубда бош мураббий масаласи мавҳумдек. Баҳром Ҳайдаров бўлса, ҳали расман бу лавозимга тасдиқланмаган. Бунинг учун аввало Акрамхўжаев истеъфога чиқарилган бўлиши лозим, бироқ ҳали жамоада бундай ўзгариш йўқ. Вазият қандай тус олишидан қатъий назар иккинчи давра учун таркиб кучайтирилишга муҳтож. Бу фикрга фарғоналик мутахассис ҳам қўшилди ва мавзуни давом эттирди.

- Албатта, ҳар бир жамоа камчиликларидан тўғри хулоса қилиб, юксалишга ҳаракат қилади. Айниқса, “Сурхон” жамоасига келсак, албатта ўзгаришларга муҳтож. Бу борада айрим ўйинчилар билан алоқага чиқяпмиз. Биринчи даврадан кейин 4-5 нафар яхши савиядаги футболчиларни олишга ҳаракат қиламиз. “Сурхон”нинг ўйинидаги асосий муаммолардан бири – бу бир қанча футболчиларнинг Суперлига тажрибасига эга эмаслиги билиниб қоляпти. Кўп ҳолатларда футболчилар ўйинни ўз қўлига олишга чўчишяпти. Ўйлайманки, бу камчилик вақт ўтиб йўқолади. Ўзига ишонч ортгани сари йигитлар ўйиндан-ўйинга кучайиб борадилар, деб умид қиламан.

сурхон2_2

Эндиликда Суперлигада танаффус эълон қилинди. Чунки миллий терма жамоамизни июнь ойида ўта муҳим ўйинлар кутяпти. Шу сабабли бош жамоамиз машғулотларга киришган. Бундай пайтда эса Суперлига клублари кичик таътилга чиқдилар. “Сурхон” қачондан машғулотларга киришади?

- Ҳозирча аниқ режамиз бор. Лекин буни раҳбарият билан келишилган ҳолда амалга оширамиз. Менимча, 25 майдан кейин Тошкентда тўплансак керак. Шунингдек, бир ҳафтага бирор тоғли ҳудудга футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги устида ишлаш учун чиқиб келамиз. Шундан сўнг, 18 июнь куни бўлиб ўтадиган “Қизилқум”га қарши ўйин учун Тошкентда тайёргарликни давом эттирамиз, - деб жавоб берди, Ҳайдаров.

   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ирода Акрамхужаева
22/05/2021 19:45
Жаноб Б.Хайдаров узим бош мураббийман,деяверинг, Акрамхужаевни бу командадан кетишига сиз хам сабабчи ва айбдорлардан бирисиз,сизга кугирчок тренерлик жуда ярашади, жа булмаса, вазият узгарса четга утишга устасиз, футболчиларга булар булмас ваъдалар бериб ишонтираверманг.
Р.Акрамхужаев командага бош мураббий булиб келганида хурсанд булгандик, эскиз, Акрамхужаев сиздан хафамиз, ишонган эдик