Баҳром Ҳайдаров: "Биринчи бўлимда урган голимиз танаффусдан кейин ишимизни осонлаштирди"
“Сурхон” клуби бугун “Андижон”га қарши учрашувда 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди. Баҳс якунлангач, термизликлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров ўйин ҳақида фикр билдирди.
- Ўтган турдаги ғалабадан кейин футболчиларни максимал даражада тайёрлашга ҳаракат қилдик. Йигитлар вазифани уддалади. Бугун ҳам бўшашмасдан, яхши тайёргарлик кўриб, майдонга тушишди. Руҳий томондан тайёрлаш асосий вазифамиз эди. Ўйинга келсак, тенг курашлар остида кечди. Тўғри, бизда имкониятлар кўпроқ бўлган бўлиши мумкин, аммо “Андижон” жамоаси тўпни яхши назорат қилди. Бўйдор ўйинчилари сабабли ҳаводан тўп узатишларда бизга қийинчиликлар туғдирди. Ҳимоячиларимизга раҳмат, иккинчи қаватдаги курашларда ютдик. Биринчи бўлим охирида урган голимиз иккинчи бўлимдаги ишимизни осонлаштирди. Рақибни қарши ҳужумда жазоламоқчи бўлдик ва бунга эришдик. Мурод Бобожоновни майдонга тушириб, иккита ҳужумчи билан ўйнаб, олдинда тўпни ушлашга ҳаракат қилдик.
- “Сурхон” кетма-кет иккита ўйинда ғалаба қозонди. Жамоа Суперлигада қолиш вазифасини қанчалик бажаряпти?
- Ҳали бу ҳақда айтишга эрта. Бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Футболчи бир-иккита ғалабадан кейиноқ вазифа бажарилди деб бўшашса, у ҳолда яхши савиядаги ўйинчи эмас. Биз барқарор ўйинни сақлаб қолишга ва янада кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Нафақат жон сақлаб қолиш, балки юқори ўринларни эгаллашга уриниб кўрамиз.
- Ўз майдонида ўйнай олмаётган жамоанинг ўйинчиларига бу ҳолат таъсир қилмаяптими?
- Ҳар бир жамоа ўз майдонида тўп суришни хоҳлайди. Шу масалада қийинчиликлар бўляпти, аммо аста-секин бунга кўникяпмиз.
Фикрлар