Баҳром Ҳайдаров: "Қизилқум" савияли клуб, ҳозирги ўрни ўзига мос эмас"

Бугун Суперлиганинг 10-тур беллашувларига старт берилди. Навоийда “Қизилқум” клуби Термизнинг “Сурхон” жамоасини қабул қилди ва учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилди.

Бу натижа мезбонлардан кўра, кўпроқ меҳмонларни қониқтиргандек бўлди. Буни ўйиндан кейин “Сурхон” мураббийи Баҳром Ҳайдаровнинг sports.uzга билдирган фикрларидан ҳам билса бўлади.

- Ҳар бир очко биз учун олтинга тенг. Сафарда қўлга киритилган бир очкога ҳам Худога шукр қилишимиз керак. “Қизилқум” ҳисобни тенглаштирганидан кейин яна икки-учта қулай имкониятга эга бўлганди. Уларни голга айлантирганида ютиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо шу билан бирга бизда ҳам ғолиб чиқиш имкониятимиз бор эди. Боиси, жамоамиз ютаётган маҳалда айрим вазиятларга эга бўлдик. Лекин мана шундай пайтларда футболчиларга бироз маҳорат етишмай қоляпти. Таркибдаги айрим йигитларда жароҳатлар борлиги учун захирамиздан ёшларни туширдик. Бироқ улар ўйинимизни кучайтира олмадилар, натижада чарчаб қолдик. Шундай бўлса ҳам қайд этилган ҳисоб адолатли бўлди.

- Натижадан келиб чиқсак, “Сурхон” бир очкони қўлга киритдими ёки...

- Агар иккала бўлимлар бошидаги ўйинимизни ҳисобга олсак, бир очкони яхши десак бўлади. Бўлим ўрталаридаги ўйинимизни бошидан охиригача кўрсатганимизда уч очко олиб кетсак бўларди.

- Кимга эътирозингиз бор?

- Ҳеч кимга эътирозим йўқ. Ҳаммаси меҳнат қилишди, охиригача курашишди.

- “Қизилқум”нинг ўйинига фикрингиз қандай?

- “Қизилқум” жамоасида маҳоратли ўйинчилар йиғилган. Бу клубга қарши ўйнаш қийин бўлди. Агар уларга қарши яқин ўйнамасак ва бўш ҳудудларни қолдирсак, маҳоратли ўйинчилари жазолашлари мумкин. Бу савияли клуб. Ҳозирги ўрни ўзига мос эмас.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!