Бақоевдан кеский фикрлар! У таркибдаги футболчиларнинг даражаси ҳақида гапирди
Ўзбекистон Суперлигаси 10-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Бухоро" баҳси якунланди. Унда мезбонлар кичик 1:0 ҳисобида зафар қучди.
Тошкентликларнинг ягона голига Азиз Турғунбоев муаллифлик қилди. Бу гол "Пахтакор" учун муҳим 3 очкони тақдим этди. Қайд этиш лозим, 90+12-дақиқада Аббос Отахоновнинг зарбасини Санжар Қувватов бартараф этди.
Беллашувдан сўнг ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида бухороликлар устози Улуғбек Бақоевнинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин:
- Ўйинни ёмон ва тушунарсиз бошладик. "Пахтакор"дан даража жиҳатдан анча ортда эдик ва тайм сўнггида гол ўтказиб юбордик.
- Иккинчи бўлимда ўзгаришлар амалга ошди ва анча агрессивроқ ўйин кўрсатишни бошладик. Гол уриш учун бир қатор вазиятлар бўлди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда пенальти тепиш имкониятига эга бўлдик. Психологик томондан бу жуда қийин вазифа эди. Шундай бўлса ҳам йигитлардан хурсандман. "Пахтакор"ни эса ғалаба билан табриклайман ва кейинги ўйинларда уларга омад тилайман.
- Жамоанингиз кўрсатаётган ўйин, натижа ва таркибдаги футболчилардан қай даражада кўнглингиз тўляпти?
- Қачонки натижа бўлмаса, албатта, хурсанд бўлмаймиз. Аҳволимиз жуда ёмон. Психологик ва жисмоний ҳолатимиз талаб даражасида эмас. Ҳаммаси яхшиланиши учун қанчадир муддат вақт керак. Шу сабабли, нимадир ўхшайди, нимадир эса ўхшамайди. Айта оламанки, жамоада ўсиш бор. У жуда катта эмас, аммо бор.
- Ўзингиз айтганингиздек, жамоада ўсиш бор, аммо бироз агрессивлик етишмаяпти. Бунга нима сабаб бўлмоқда?
- Кимнидир алоҳида кўрсатишни хоҳламайман ва футболчиларни яхши ва ёмонга ажратиш ниятим йўқ. Сизнинг саволингизга жавобим бу - футболчиларнинг даражаси. Бизда яхши классдаги, ўрта классдаги ҳамда ўрта классдан ҳам пастроқ даражадаги футболчилар бор. Шундай экан, ҳамма ўз устида ишлаши ва майдонга чиқиб қўлидан келганича ўйнаши лозим. Чиндан ҳам агрессия етишмаяпти. Бу даража билан боғлиқ, деб ўйлайман.
- Бугун жамоанинг олдинги чизиғида креативлик етишмади. Дилшод Жўраев олдинга ўтганидан кейин эса ҳужумлар хавфлироқ тус олди. Кейинги ўйинларда уни нисбатан ҳужумкорроқ позицияда ўйнатишингиз мумкинми?
- Креатив бу футболчиларнинг ностандарт қарорлар қабул қилиши билан боғлиқ. Бу яна класс масаласи. Бироқ вазиятлар яратган билан дарвоза томон зарба берилмаса, гол бўлмайди. Дилшоднинг олдинга ўтишига келсак, "Пахтакор" бир киши кам бўлиб қолди ва бизга маълум афзалликларга эга футболчи керак эди. Ҳужумкорликка урғу берганимиз учун у бугун бизга фойда келтирди. Кейинги ўйинларга тайёргарликни ҳозирдан бошлаймиз ҳамда вазиятга қараб иш тутамиз.
Фикрлар