Барчаси миш-миш! Саудияликларга "Роллс-Ройс" берилмаган

Саудия Арабистони терма жамоаси ЖЧ илк турида Аргентинани мағлуб этиб, мундиални самарали тарзда бошлаган эди.

Шундан сўнг мамлакат қироли ғалабадан хурсанд бўлиб, дарҳол терма жамоанинг ҳар бир футболчисига ҳашаматли "Роллс-Ройс" автомобилини совға қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Аммо Саудия футбол федерацияси президенти бундай сахийлик ҳақидаги миш-мишларни рад этди.

"Бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, уларга ҳеч ким "Роллс-Ройс" бермаган. Бу муболаға холос. Футболчилар бонус олишди, албатта, лекин машина эмас. Бу ўша пайтда эйфорияга берилиб кетганликдан чиққан ёлғон маълумотлар бўлса керак", - деди Саудия Арабистони футбол федерацияси раҳбари Йосир Ал-Мисехаль.

Эслатиб ўтамиз, саудияликлар шундан сўнг ўз муваффақиятини мустаҳкамлай олмади, кейинги иккала ўйинда ҳам жамоа мағлубиятга учради ва гуруҳда охирги поғонани эгаллаб, мусобақа билан хайрлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!