"Барибир Суров бош мураббий, уни маслаҳати билан тактика танлаганмиз, бизга тезлик етишмаяпти" - "Машъал" мураббийи кетма-кет учинчи мағлубият ҳақида
“Машъал” клуби Суперлигага старт берилганидан бери кетма-кет учинчи ўйинда мағлубиятга учради. Бу сафар муборакликлар Навоийда “Қизилқум”га 2:0 ҳисобида ютқазишди.
Ушбу учрашувда жамоани майдонга бошлаб тушган ёрдамчи мураббий Отабек Нарзуллаев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида қатнашди.
Бош мураббий Игорь Суров эса бетоблиги сабабли ушбу баҳсда иштирок эта олмаслиги ҳақида ўйиндан аввал “Машъал” матбуот хизмати маълум қилган.
- Ўйин бўйича футболчиларга ҳеч қанақа эътирозимиз йўқ. Яхши ўйин кўрсатишди. Футболда сен урмасанг, сенга уришади, деган гап бор. Йигитлар қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Тезликда ютқазяпмиз, қаердадир охирги нуқтани қўйишда оқсаяпмиз. Умумий олганда, футболчилар яхши ҳаракат қилишди.
- Жамоангиз кўп вақт давомида тўпга эгалик қилди. Аммо дарвозага зарбалар камроқ бўлди...
- Тўғри савол. Охирги нуқтада зарба беришга кечикяпмиз. “Қизилқум” яхши ҳимояланди. Ҳа, тўп бизда кўп бўлган бўлиши мумкин, бироқ айтганимдек, охирги зарба беришда оқсадик. Бунинг устида ишлаймиз. Тезликка кўникишимиз керак. Чунки биз Туркияда йиғин ўтказмадик. Кўпинча про лига клубларига қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказдик. Про лиган билан Суперлигани даражасида фарқ катта. Шу боис бизга бу босқичдан ўтиб олишга мослашиш учун вақт керак. Ўтган йилгига нисбатан бу йил анча яхши футболчиларни тўплаганмиз. Фақат бизга бироз тезлик етишмаяпти. Агар шунга эришсак, хоҳлаган футболни ўйнай оламиз.
- Жамоа бош мураббийи Игорь Суровни бетоблиги айтилди. Бу учрашувда таркиб ва тактикани у танлаганмиди ёки сизми?
- Барибир Суров бош мураббий. Уни маслаҳати билан бу тактикани танлаганмиз.
- “Машъал” уччала турда иккила таймда ҳам гол ўтказяпти. Буни асосий сабаблари нимада?
- Бу мувозанат билан боғлиқ. Биз футболчиларга айтяпмиз, аммо қаердадир мувозанатни йўқотиб, гол ўтказиб юборяпмиз.
- “Машъал” легионерларни олган. Лекин улар нима учун тўлиқ ҳолатда асосий таркибда туширилмаяпти? Улар иккинчи бўлимда ўйинни кучайтириш учун тушириляпти. Бугун захирадан ҳужумчи ўрнига ҳужумчини майдонга туширдингиз. Бу алмаштиришлар тескарисига хизмат қилмадимикин?
- Бундай деб ўйламайман. Футболда шундай гап бор: агар ҳужумчи иккита ўйинда гол ура олмаса, барибир қаердадир уни алмаштириш керак. Шунинг учун иккита учрашувда гол ура олишмагач, Владко билан Хумоюнни олдинда синаб кўрдик. Бу ҳам иш бермади. Ҳар томонлама ишлаш керак, вазиятни яхшилашга ҳаракат қиламиз. Легионерлар ҳам адаптациядан ўтиш керак. Чунки улар ҳали Ўзбекистон Суперлигаси тезлигини яхши билишмайди. Аста-секин уларни ҳам кўниктиряпмиз. Бизда ўрнини ёпадиган футболчилар кўп. Шу боис бу нарса тактикага боғлиқ.
- Жамоа дарвозабони 3 та турда 7 та тўп ўтказиб юборди. Дарвозабонлар масаласида рақобат борми?
- Ҳа. Бу биргина дарвозабонга боғлиқ эмас, бутун жамоани иши. Ҳозирги футболда бутун жамоа ҳимояланади ва бутун жамоа ҳужумга ўтади. Шунинг учун биз фақат дарвозабонни айбламаймиз. Ҳаммани айби бор, буни ҳам яхшилашга ҳаракат қиламиз. Бизга битта ғалаба керак, ўзимиз ҳам кутяпмиз. Насиб бўлса, яхши бўлиб кетади.
- Йиғинларда про лига клубларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўйнадик, Туркияга бормадик деб айтдингиз. Бу молиявий ҳолатга бориб тақалади. Жамоани сметаси барқарор ҳолатдами?
- Ҳар томонлама яхши. Бу борада муаммо йўқ. Ҳа, қаердадир бироз чўзилиш бўлиши мумкин. Лекин футболчиларни ойлик маошлари, шароитлар ҳар жиҳатдан яхши қилиб берилган. Тайёргарлигимиз яхши бўлди. Фақат Суперлига даражасига кўникишимиз учун бизга яхши спарринг-рақиблар керак эди. Про лига ҳам ёмон эмас. Аммо улар ҳам йиғинда ҳар хил таркибда ўйнашади. Шу боис тезликка кўникишимиз керак.
Фикрлар