"Барса" бир футболчини нархи ошмасидан трансферга кўндирди
«Барселона» мутасаддилари «Расинг» клуби ҳимоячиси Хорхе Салинас трансфери бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда sport.es нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 19 ёшли футболчи 30 июнга қадар каталонияликлар билан шартнома имзолайди ва келаси мавсум учун асосий жамоа рўйхатига киритилади.
Салинас жорий мавсумда «Расинг» таркибида ўзини яхши томондан кўрсатди: у Сегундада 33 ўйин ўтказиб, етти марта голли узатма муаллифига айланди. Шу орқали Испания ва Англиянинг бир қатор клублари эътиборини тортди.
Музокараларда ҳал қилувчи омил сифатида футболчининг ўзи «блауграна» сафида тўп суриш истаги, шунингдек, унинг агенти Жорже Мендешнинг фаолияти қайд этилмоқда. Келишув яқин кунларда расман ёпилиши кутилмоқда.
Хабарга кўра, «Расинг» футболчининг шартномасидаги тўлов миқдорини 8 миллион евро атрофида баҳоламоқда. «Барселона» эса суммани камайтириш мақсадида келишувга ўз академияси ёки захира жамоасидан бир футболчини қўшиб бериш вариантини кўриб чиқмоқда.
1 июлдан бошлаб Салинас учун белгиланган тўлов миқдори 16 миллион еврогача ошиши мумкин. Шу боис каталонияликлар трансферни ушбу муддатгача якунлашга интилаётгани айтилмоқда.

Фикрлар