"Барса" ва "Реал" иқтидорларини жамлаган испанларни нега юта олмадик ёхуд Европанинг номдор жамоаси билан кечган ўйин таҳлили

Ҳозиргина ўз якунига етган Ўзбекистон (U-23) ва Испания (U-21) терма жамоалари ўртасидаги баҳс нурсиз дуранг билан якунланганига қарамай, майдонда чинакам тўқнашув гувоҳига айландик...

Ўйинга танланган схема: Ўзбекистон 4-3-3 / Испания 4-3-3.

UZB

spain

Тимур Кападзе бугун жаҳон футболидаги трендда бўлиб турган барча элементлар жамоасида бор эканлигини кўрсатиб бера олди. Юқори прессингда ҳаракат қиладиган жамоага қарши ўйинда биз "сочилиб" кетганимиз йўқ. Ҳатто, якунда (52/48) кичик устунлик билан тўпни кўпроқ ҳам назорат қилишга муваффақ бўлдик. Баҳсни "жангавор" руҳда бошлаган йигитларимиз илк 20 дақиқаликни жуда юқори темпда ўтказди. Биздан бундай кескинлик ва замонавий футбол кутмаган испанлар енгил "мондраж"ни ҳис қилгани аниқ. Ўйинни томоша қилмаганлар учун ўйиндаги энг хавфли вазиятлар акс этган видеоролик ҳаволасини қолдираман.

Биз эса беллашув давомида содир бўлган 2-3 эпизодни кўриб чиқамиз.

Биринчи бўлиб охирларига бориб, катта куч билан олдинга ўтишни бошладик. Аслида, 4-3-3 схемасининг асосий фишкаси саналган бир йўла 6 футболчининг ҳужум чизиғида пайдо бўлиши олдинги чизиқда вариантлар кўп бўлишини таъминлабгина қолмай, тўп йўқотилганда тезкор қарши ҳужум ўтказиб юбориш хавфини оширади. Масалан, 42-дақиқада тўлиқ амалга ошмаган Испания (U-21) термасининг қарши ҳужумига эътибор қаратинг:

42 daqiqadagi xolat - копия

Рақиб майдон марказида тўпни олиб қўйган ҳолда, битта пас билан ҳужум бошламоқда. Бу пайтда бизнинг 6 футболчимиз деярли ўйиндан тушиб қолган бўлса, испанларда ҳужумни давом эттиришга қодир 4 та вариант тўпни қабул қилишга тайёр ҳолатда эди. Бахтимизга, узатма кўнгилдагидек чиққани йўқ.

232

Яна бир эътиборга молик ҳолат иккинчи бўлимнинг илк дақиқаларида содир бўлди. Рақиб дарвозабон орқали ҳужум бошлашга шайланаётган бир пайтда, агрессив эрта прессинг қўлладик. Тўпни ўз жарима майдончаси ичида қабул қилаётган рақибни бир йўла 3 футболчимиз кутиб олди. Натижада, рақиб тўпни йўқотди. Афсуски, катта меҳнат эвазига ютиб олган эпизодимизни гол билан тугата олмадик. 

73 daqiqadagi vaziyat - копия

Худди шундай вазият баҳснинг 73 дақиқасида ҳам содир бўлди. Бу сафар ҳам дарвозабон тўпни стандарт асосида биринчи пас билан ўйинга қўшмоқчи бўлди, аммо ўз вақтида қилинган прессинг сабабли рақиб тўпни йўқотди. Бош ҳакам фол қайд этганига қарамай, 2-3 сония ичида босимни кескин оширишга қодир эканлигимизни кўриб олдик. Бу фишка бизга катта ўйинларда ҳали кўп қўл келиши турган гап.

joylashuv

Испания қанчалар зоналар оралиғи ва чизиқлар ўртасида тартибли ўйнамасин, биз гол киритиш учун вазиятлар ярата олдик. Шу билан биргаликда, 4-3-3 схемасидан воз кечганимиз йўқ. Чуқур ҳимояга ётиб олиб, вақт ҳам чўзмадик. Тезкор ва ижрочилари класс борасида ўзимиздан кучлироқ бўлган рақибга очиқ футбол таклиф этдик ва унинг айрим қисмларида устунлик ҳам қилдик. Айнан шу фактор Кападзе бошқарувидаги ёшларимизни якунда дуранг қайд этишини таъминлади.

Нега ўйиннинг учинчи қисмида бўш ҳаракат қилдик?

statistika

Бунинг бирламчи сабаби захирадан ўйинга қўшилган футболчилар ва асосий таркиб ўртасидаги сезиларли фарқнинг мавжуд эканлиги. Кападзе бугун ўзгаришлардан максимал даражада фойдаланди ва бу ўйин боришига таъсир кўрсатди. Рақибда эса аксинча. Захирадан ўйинга қўшилганлар темпни ошириш билан биргаликда, ўйинни ўзига олишга уринди. Айнан учрашувнинг сўнгги 30 дақиқалигида бу омил кўзга ташланди. Рақиб бутун баҳс давомидаги хавфли ҳужумларининг 70 фоизини айнан шу дақиқалар ичида уюштирди. 80-дақиқага келиб босим ортгач, биз иккинчи қаватдан узатмалар билан (таваккал қилмаслик мақсадида) ҳужум уюштиришга ҳаракат қилдик. Натижада, тўпни кўп йўқотдик ва ўйин назорати испанлар томонга ўтиб кетди. Бизга бу баҳсда очиқчасига ижрочилар маҳорати етишмади.

egk34ogk43

Беллашувнинг илк дақиқаларидан Аббос Файзуллаев ва Алибек Давронов ҳаракат қилганида, балки барчаси бошқачароқ ҳам бўлиши мумкин эди. Бошқа Осиё жамоаларидан фарқли ўлароқ, испанлар бизга қарши тўп учун курашда 1/1 (бирга бир) ўйнашга интилди. Бундай ҳолларда дриблингга эга ёки креатив вингерлар персонал қўриқчисидан ўтиб, катта зона очиб бериши ёки инсайдлардан бирини зарба зонасига олиб чиқиши мумкин. Айнан шу фактор сабабли биринчи бўлимда Алишер Одилов ўз техникасига суянган ҳолда энг фаол футболчилардан бири бўлди. У икки маротаба жамоадошларини зарба йўллаши учун қулай имконият яратгани сўзимизга исбот бўлади.

Нималар хурсанд қилди?

kego43kg3

Қувонарли томони шундаки, бугун Тимур Кападзе ва унинг жамоаси халқаро даражада ўтган ўртоқлик ўйинида ҳеч бир аспектда рақибдан бўш келгани йўқ. Ўйин қуриш, ҳужумларга ўтиш ва эрта прессингда Европанинг энг кучли жамоаларидан бири билан тенмга-тенг кураш олиб бордик. Тўғри, қайсидир аспектларда ижрочилар маҳорати эвазига рақиблар зарба зонасига қадар чиқиб боргани, ҳатто гол уриш учун бир нечта имкониятга эга бўлгани ҳам рост. Аммо бизда ҳам дарвозани ишғол этиш учун етарлича "шанс" бор эди. Реализация худди меҳмонларда бўлгани каби, бизда ҳам бироз оқсади. Дарвозабонимиз ҳам иккита вазиятда қўллаб юборгани факт. Аслида, ўзимиздан кучлироқ рақиб билан бошқачасига ўйнаб ҳам бўлмайди. Кимдир эмас, барча ўз бўйидан баланд сакраши эвазига ёқимли натижалар қўлга киритилади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Эргашев Файзулло
14/10/2023 10:10
Аббос Файзуллаев нега 23 ёшлийлар таркибида уйнамайди
Shoxrux Nosirjon og'li
14/10/2023 10:40
У катта жамоа уйинчиси энди, испанияда хам худди шундай Педри, Гави, Ямал кабилар йук, улар уже катта терма жамоа даражисига чикиб булишган. Худди шундай Беллингем Родриго, Камавинга, Мусиала еки Хусанов