"Барса" янги мураббий билан алоқага чиқди. Куманнинг истеъфоси яқин

"Барселона" Рональд Куман ўрнига янги мураббий олиб келиш устида иш олиб бормоқда. "Кўк-анорранглилар" уни ўз лавозимидан яқин вақтлар ичида озод этиши мумкин. Бу ҳақда "Goal.com" нашри хабар бермоқда.

Каталония клуби Бельгия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес билан алоқага чиқди ва ундан "Барса"ни бошқариш таклифига қандай қараши ҳақида сўрашди. Ҳозирча, расмий музокаралар бошланмади.

Мутахассиснинг ўзи Испан грандини қабул қилиб олишга қарши эмас. Бу ҳақда у Бельгия футбол федерациясига хабар берган.

Шундай бўлса-да, испаниялик собиқ футболчи Миллатлар лигаси учрашувлари олдидан терма жамоани тарк этишни хоҳламаяпти. "Кўк-анорранглилар" ҳам турнир тугашини кутишга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, Мартинес бошчилигидаги терма жамоани Миллатлар лигаси доирасида еттинчи октябрь куни Францияга қарши ярим финал ўйини кутиб турибди. Чемпионатнинг финал учрашуви 10 октябрда бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!