“Барса”ни барбод қилган битим ёхуд Месси даҳшатли маошга эга чиқди

“Барселона” гранд клуб бўлишига қарамай, бугунги кунда молиявий инқирозга юз тутгани ҳеч кимга сир эмас. Гарчи шиддат билан давом этаётган иқтисодий пасайишга коронавирус пандемияси сабаб қилиб кўрсатилаётган бўлса-да, клубнинг ночор аҳволга келиб қолишида Месси имзолаган шартноманинг ҳам таъсири бор.

Испаниянинг El Mundo нашри “Барселонани барбод қилган битим” сарлавҳаси остида аргентиналик футболчи ва “Барселона” ўртасида 2017 йилда тузилган охирги шартноманинг молиявий маълумотларини эълон қилди. Бу катта шов-шувга сабаб бўлди.

Манбага қараганда, тўрт йиллик шартнома Мессига 555 миллион евро олиб келади. Шундан 138 миллион евро кафолатланган ҳар мавсумдаги йиллик маош ва бонуслар ҳисобланади. Лео яна 115 миллион еврони битимни имзолашга рози бўлгани учун “кўтарма пули” шаклида олган. Унинг клубга садоқати учун каталонияликлар 78 миллион евро миқдорида бонус тақдим этиши керак.

“Барселона”ни оғир аҳволга солган ушбу битим шу йилнинг 30 июнига қадар давом этади. Кейинчалик томонлар қандай йўл тутишини вақт кўрсатади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!