Ислом Исмоилов Англияга қарши ўйиндан сўнг: "Футболчиларимизнинг имкониятлари мен кутганимдан ҳам яхши кўринди"

  • 4 сентябрь, 12:44
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Ўзбекистон U17 терма жамоаси айни пайтда Испаниянинг Херес шаҳридаги халқаро турнирда иштирок этмоқда.

Tecno

2025 йилги U17 жаҳон чемпионати иштирокчилари - Англия, Канада ва Марокаш терма жамоаларига қарши майдонга тушиши режалаштирилган вакилларимиз кеча дастлабки ўйинни ўтказди. Англияга қарши баҳсда терма жамоамиз 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Ўзбекистон U17 терма жамоамиз бош мураббийи Ислом Исмоилов учрашувдан кейин Sports.uz журналистининг саволларига жавоб қайтарди.

- Терма жамоамизнинг Англияга қарши ўйини алоҳида аҳамият касб этди. Боиси, инглизлар билан доим ҳам ўйнайвермаймиз. Шундай экан, учрашувдан нималар олдингиз?

- Албатта, бу ўйин биз учун жуда катта тажриба бўлди. Англия каби кучли терма жамоага қарши ўйнаш орқали футболчиларимизни тактик ва техник, руҳий жиҳатдан синовдан ўтказдик. Бизнинг асосий мақсадимиз натижадан қатъий назар юқори даражадаги футболга яқинлашиш, хатоларимизни кўриб чиқиш ва келажак учун сабоқ олиш эди. Айрим пайтларда яхши прессинг, тезкор ҳужумлар ва тўп назоратида ижобий жиҳатларимизни кўрдим. Шу билан бирга, айрим заиф томонларимиз ҳам яққол кўринди. Бу биз учун келгусида устимизда ишлашга асос бўлади.  

- Шунингдек, Испаниядаги йиғин доирасида Канада ва Марокаш термаларига ҳам қарши ўйинлар ўтказилади. Бўлажак баҳслардан нималар кутяпсиз?

- Канада ва Марокаш ҳам ўз мактабига эга жамоалар. Улар билан ўйинлар биз учун тактика ва жисмоний жиҳатдан синов бўлади. Ҳар бир рақиб ўзига хос, шу сабабли футболчиларим турли услубларга қарши ўйнашни ўрганади. Биз асосий эътиборни футболчиларимизнинг ўсишига, майдонда ўз фикрини эркин кўрсатишга ва юқори даражада мослашувчан бўлишига қаратамиз. Умуман, бу йиғин биз учун жаҳон чемпионатига тайёргарликда муҳим босқич ҳисобланади.

- Англияга қарши беллашувда футболчиларимизнинг имкониятлари қандай кўринди?

- Футболчиларимизнинг имкониятлари мен кутганимдан ҳам яхши кўринди. Албатта, айрим хатолар бўлди. Аммо улар ўз устида ишласа, бундай даражадаги рақибларга қарши муносиб ўйнашлари мумкинлигини исботлади. Муҳими, футболчиларимиз майдонда қўрқмади, охиригача курашди ва ўз потенциалини намоён қилди. Бу ўйин уларга ишонч берди, менга эса кимнинг қайси жиҳатлар устида кўпроқ ишлаш кераклигини кўрсатди.

- Таркиб масаласида ўзингиз истаган барча йигитларни ушбу йиғинга жалб қила олдингизми ёки қандайдир сабаблар билан йиғиндан четда қолганлар бўлдими?

- Худога шукр, ҳозирча ҳеч бир футболчимизда жароҳат йўқ. Шу сабабли биз истаган барча асосий футболчиларни йиғинга жалб қила олдик. Таркибда соғлом рақобат мавжуд ва бу биз учун жуда муҳим. Ҳар бир футболчи ўз ўрнини сақлаб қолиш учун бор кучи билан ишлаяпти. Бу эса жамоанинг умумий даражасини оширади ва бўлажак ўйинларда янада яхшироқ натижаларга эришишимизга замин яратади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!