"Барселона" қайта туғилмайди! Клуб омадсизлик арафасида турибди
Каталония клуби тез орада катта ўзгаришларни амалга оширишни мақсад қилмоқда. 2021/22 йилги футбол мавсумида Хави шогирдлари Ла Лигада иккинчи поғонани банд этган бўлса, Европа Лигасида "Айнтрахт"дан аламли мағлубият қабул қилиб, чорак финалда юришини тўхтатди. Ортда қолган мавсумдаги натижаларни қониқарли, деб бўлмайди. Азалий рақиби - "Реал" фонида бу янада аянчли кўринади. Қироллик клуби ЕЧЛ ва ички биринчиликда зафар қучгач, янги мавсум олдидан хотиржам таътилга чиқди. Шундай экан, Европа Лигаси ғолиби "Айнтрахт"га бой берилган учрашувдан сўнг клуб ислоҳотларга жуда ҳам муҳтож эканлиги сезилиб қолди.
Сўнгги пайтларда "Барселона" трансфер бозоридаги энг фаоллардан бири, бироқ амалда ҳеч нарса йўқ. Раҳбариятнинг режалар масштаби жуда катта. Хави эса, келаси мавсумга қадар камида 8 та юқори даражадаги футболчини сотиб олиб беришни талаб қилмоқда. Бунинг учун ёзда таркибдаги 12 та чарм тўп устасига "жавоб" бериб юборилиши лозим.
Сесар Аспиликуэта, Маркос Алонсо, Андреас Кристенсен, Франк Кессье, Рубен Невеш, Рафинья, Калиду Кулибали, Виссам Бен-Йеддер, Рахим Стерлинг ва Роберт Левандовски Хавининг шорт-листидан ўрин эгаллаган бўлса, Нето, Самуэль Умтити, Оскар Мингеса, Клеман Лангле, Рики Пуч, Адама Траоре, Мартин Брэйтуэйт и Люк де Йонг "Камп Ноу"ни тарк этишга асосий даъвогарлардан. Умуман олганда, Хави ҳамма нарсани оёғини осмондан қилиб бўлсада, кучлироқ жамоа қуришга интилмоқда. Афсуски, барчаси у ўйлаганидек оддий эмас.
Бир нечта янги футболчи билан келишув якунига етган. Кристенсен ва Кессье тез орада эркин агент мақомида Каталонияга кўчиб ўтиши аниқ бўлиб улгурди. Рўйхатдаги бошқалар учун миллионларни сарфлаш керак. Кун тартибидан ўрин эгаллаган асосий савол ҳам шу, аслида. Қандай қилиб "кўк-аноррангилилар" бу ишни уддалайди? Ачинарлиси шундаки, клуб текинга қўлга киритган футболчиларини рўйхатдан ўтказишининг ўзида ҳам муаммоларга дуч келди. Серхио Роберто билан шартнома узайтирилгани борасида эса, узоқ муддат расмий маълумот берилгани йўқ.
Жамоанинг трансфер сиёсати сўнгги йилларда кескин ёмонлашди. Айни дамда клубнинг трансфер лимити -144 миллион евро! Бу Ла Лигадаги энг ёмон кўрсаткич. Бундай ҳолат қишки трансфер ойнаси чоғида Ферран Торресни таркибга қўшиб олишда катта муаммоларни келтириб чиқарганди. Бу сафар ҳам эркин агентларни бир аммалаб рўйхатдан ўтказишнинг иложи топилар, бироқ янги трансферлар имконсиздек кўринмоқда.
Клуб вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида анча жиддий қадам ташлаш арафасида. Жамоа истаган ижрочиларни харид қилиши учун 700 миллион евро пул ажратилади. ESPN нашрининг маълум қилишича, бу суммани раҳбарият Ла Лига телетрансляциясидан келиб тушадиган фойдадан кўрмоқчи. Яъни, унинг 25 фоиз ҳуқуқини "Барселона" сотадиган бўлса, бу 500 миллион еврога тенг бўлиши айтилмоқда. Қолган 200 миллион евро эса, клуб бренди ва мерч дизайни ҳуқуқининг 49,9 фоизини сотиш орқали ишлаб олмоқчи.
Режалар катта, аммо уларни ҳали директорлар кенгаши расман тасдиқлаганича йўқ. 16 июнь санасида шу масалалар кўриб чиқилади. Клуб президенти Жоан Лапорта ҳаммаси яхши якунланишига ишонмоқда.
"Хавотир олма, трансферлар бўлади!"
Айнан шу жумлани президент Хави билан шахсан ўзи кўришганда айтгани ҳақида бир нечта манбалар маълум қилмоқда. "Барса"нинг молиявий аҳволини яхши билсада, испаниялик мутахассис бу сўзларга ишонишини айтди. Ҳозир, жамоанинг асосий мақсади "Бавария" форварди Роберт Левандовски бўлиб турибди. Польяк тўпурари Испанияга кўчиб ўтмоқчи эканлигини расман эълон қилди. Ҳужумчининг клуби билан тузган шартномаси 2023 йилда якунига етади. Немислар форварддан айрилаётгани учун яхшигина пул ундириб олишга уриниши турган гап.Воқеалар ривожини четдан кузатаётган Ла Лига раҳбари Хавьер Тебас ҳам жим тургани йўқ:
"Каталония клуби нима қилиш кераклигини билади. Улар бизнинг иқтисодий қонун-қоидамиз билан яхши таниш. Бу қоидалар жамоаларимизни мураккаб аҳволда қолдирмаслик учун ўйлаб топилган. Тўғриси, "Барса" қандай йўл тутишини билмайман. Балки улар де Йонг, Педри ёки Пепито Перес (испаниялик таниқли масхарабоз) трансфери орқали вазиятдан чиқиб кетар.
Ҳозир муаммони бартараф этиш формуласи жуда содда кўринишда. Футболчиларни сотиш ва фойдани кўпайтириш. "Барселона" сўнгги йилларда траснферлар ортидан бир неча юз миллионларни бой берди. Айни дамда бу хатони такрорламаслик ва молиявий аҳволни бироз яхшилаш керак. "Реал" буни ҳис қилган ҳолда, трансферлардан тийилмоқда. Бугунги "Барса" эса, Роберт Левандосвкини таркибга қўшиб олишга кучи етмайдиган даражага келиб қолди".
Анча кескин, бироқ аччиқ ҳақиқат. Ҳозир "Барселона" сотиш имкони бўлган барча нарсани ўртага тикиб, вазиятни яхшилаб олмоқчи, аммо бу вақтинчалик, холос. Йиллар ўтиб, трансляция ҳуқуқи ва клуб брендидан келадиган даромад катталашади. Бундан жамоа бир четда қолиб, бошқалар даромад олади. Майли, барчаси режа асосида бўлди дейлик. Хави истаган 8 футболчисини олди. 12 ўйинчи клубни тарк этди. Хўш, бир йилда ЕЧЛда зафар қучишга қодир "Барселона"ни яратиш мумкинми? Ҳар ҳолда, ўйин амалиёти ва жамоавий руҳ ҳам жуда муҳим. "Кўк-анорранглилар" аввалги даражасини тиклаб олган тақдирда ҳам, молиявий муаммоларни тўлиқ енгиб ўта оладими? Катта эҳтимол билан, йўқ! Клубга тегишли нарсаларни сотиш орқали келажакда келадиган даромадларнинг 50 фоизидан маҳрум бўлгач, порлоқ келажак ҳақида фақат орзу қилиш мумкин. Лапорта ўз бошқаруви чоғида жамоани бир сакраб "ботқоқ"дан олиб чиқмоқчи.
Унга ҳозир бундан бошқаси иккинчи даражада. Шундай экан, ёзда Левандовски ҳамда бошқа трансферларни содир бўлишига ишониш мумкин, аммо "Барселона" аввалгидек супер клуб мақомини қайтариб олиши тобора ҳақиқатдан йироқлашиб бормоқда.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев таржимаси
Фикрлар