“Барселона” Холанд трансфери бўйича баёнот берди
“Барселона” президенти лавозимига номзод Виктор Фонт Каталония клуби “Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Холанд трансфери бўйича тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълум қилди.
Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, норвегиялик ҳужумчининг манчестерликлар билан узоқ муддатли шартномаси борлигига қарамай, вазият ўзгариши мумкин.
Фонт Холандни замонавий футболдаги энг яхши марказий ҳужумчилардан бири, деб атади ва у каталонияликлар учун асосий трансфер мақсадларидан бирига айланиши мумкинлигини таъкидлади.
Шунингдек, у футболда бундай узоқ муддатли шартномалар ҳар доим ҳам охиригача бажарилмаслигини айтди.
Манба маълумотига кўра, Фонт жамоаси вакиллари Мадридда “Манчестер Сити” раҳбарияти билан учрашув ўтказган. Музокарада агар норвегиялик ҳужумчи инглиз клубини тарк этишга қарор қилса, уни сотиб олишда устувор ҳуқуқни қўлга киритиш имконияти муҳокама қилинган.
Холанднинг “Манчестер Сити” билан шартномаси 2034 йилнинг ёзигача амал қилади. Норвегиялик ҳужумчи 2022 йилдан буён “шаҳарликлар” жамоасида ўйнаб келмоқда.
Шу вақт ичида Холанд 150 дан ортиқ гол урди ва клуб билан бир нечта йирик совринларни қўлга киритди.
Аввалроқ футболчининг шартномасида келажакда унинг бошқа клубга ўтишига таъсир қилиши мумкин бўлган махсус бандлар бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан эди. Шу билан бирга, “Манчестер Сити”да футболчи яқин вақтларда жамоани тарк этишни режалаштирмаётгани таъкидланмоқда.
Фикрлар