"Барселона"нинг 18 ёшли футболчиси қишда жамоани тарк этади
"Барселона" ярим ҳимоячиси Дро Фернандес қишки трансферлар ойнасида жамоани тарк этади.
"Diario Sport" нашрининг маълумотларига кўра, жума куни эрталаб 18 ёшли хавбек бош мураббий Ханс-Дитер Фликка жамоадан кетиш қарори ҳақида хабар берган. Клуб футболчини сотиш орқали 6 миллион евро даромад қилади — айнан шу сумма унинг шартномасида компенсация тўлови сифатида кўрсатилган.
"Mundo Deportivo" хабарига кўра, ярим ҳимоячи Англия ва Германия клубларидан таклифлар олган.
Яқин кунларда Фернандес оила аъзолари ва агентлари билан учрашиб, барча вариантларни кўриб чиқади. "Барселона"да эса бу қарор ҳайрат билан қабул қилинган ва клуб футболчини олиб қолишга уриниб кўриши мумкин.
Қайд этилишича, "Барселона" Фернандес билан шартномани узайтиришни режалаштирган, бироқ спорт директори Деку келишувни ўз вақтида якунлай олмаган.



Фикрлар