"Башакшеҳир" бош мураббийи аламли мағлубиятга изоҳ берди
Туркия Суперлигасининг 22-турида "Истанбул Башакшеҳир" ўз майдонида "Бешиктош"га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Нури Шаҳин матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.
"Жуда хафаман. Ўйинни жуда яхши бошлаб, ҳисобни очишга муваффақ бўлдик. Аммо индивидуал хатодан кейин ҳисоб тенглашди. Иккинчи таймни ҳам яхши бошладик. Бундай учрашувларда ҳал қилувчи вазиятларни тўғри ўйнай билиш жуда муҳим. Афсуски, охирги дақиқаларда яна хато қилдик ва гол ўтказиб юбордик. Менимча, биз камида дурангга лойиқ эдик. Натижадан жуда афсусдаман. Баъзан бу оғриқли бўлади, аммо биз ўрганяпмиз. Кейинги ўйинда ғалаба қозониб, яна курашга қайтишни истаймиз", — деди мутахассис.
Шунингдек, Шаҳин гол урган пайтида жароҳат олган ҳужумчи Бертўғ Йилдиримнинг ҳолати ҳақида ҳам маълумот берди:
"Бертўғнинг эҳтимол юз суяги (ёноқ суяги) синган. Унга тезроқ соғайиб кетишини тилайман. У биз учун ҳам, турк футболи учун ҳам жуда қимматли ёш футболчи. Шунинг учун жуда хафаман. Унинг саломатлиги биз учун ҳамма нарсадан устун".
Маълумот учун, ушбу беллашувда ҳамюртларимиз Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев асосий таркибда майдонга тушди.
Фикрлар