БАТЭга супер гол урган Шаҳбоз Умаров Европа Чемпионлар лигаси учун курашаётган клубга ўтмоқда
Беларусь чемпионатида “Энергетик-БГУ” шарафини ижара асосида ҳимоя қилаётган Шаҳбоз Умаров фаолиятини БАТЭ жамоасида давом эттирадиган бўлди.
Ўзбекистонлик легионер яқинда чемпионат доирасидаги учрашувда узоқ масофадан БАТЭ дарвозасини ишғол қилиб, борисовликларнинг мусобақа жадвалидаги пешқадамлигига чек қўйган эди. Энди айнан БАТЭ ўзбек футболчисини ўз сафига қўшиб олмоқда.
21 ёшли футболчимиз янги жамоаси таркибига ёзги трансфер бозорининг иккинчи қисми – 15-28 сентябрь оралиғида қўшилади. Агар БАТЭ Умаровнинг хизматларидан янги мавсумда фойдаланишга қарор қилса, трансфер 2021 йилнинг 1 январидан расмийлаштирилади. Томонлар шунга келишиб олишган.
Шаҳбоз Умаровнинг трансфер ҳуқуқи Ўзбекистон чемпионатида Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қиладиган АГМК жамоасига тегишли.
Шаҳбоз Умаров 1999 йилнинг 9 март куни Бўка шаҳрида туғилган. Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси тарбияланувчиси. Ўзбекистон чемпионати Супер лигасидаги дебютини 2018 йилнинг 4 октябрь куни АГМК ва “Сўғдиёна” ўйинида нишонлаган.
2020 йили “Энергетик-БГУ” таклифини қабул қилиб, Беларусь олий лигасига кўчиб ўтган ёш футболчи қисқа фурсатда маҳоратини намойиш этиб, минскликларнинг асосий таркибидан муқим жой эгаллади. Умаров ярим ҳимоядаги ақлли ўйинлари ва узоқдан берадиган хавфли зарбалари билан беларуслик футбол мухлислари ва мутахассисларининг эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда. Шаҳбоз “Витебск” ва БАТЭ дарвозасига киритган тўпларини узоқ масофадан йўллаган.
БАТЭ – Беларусь чемпионатида энг кўп, яъни 15 маротаба чемпионликни қўлга киритган энг қудратли жамоадир. Шунингдек, борисовликлар тўрт марта мамлакат кубоги ва етти бор Суперкубок соҳиби бўлган. БАТЭ Европа Чемпионлар лигасининг гуруҳ беллашувларида қатнашган Беларуснинг ягона жамоаси ҳисобланади. Ушбу жамоа Европа миқёсидаги қатор мусобақаларда 166 та учрашув ўтказган.
Албатта, илк маротаба легионер сифатида хорижда тўп сураётган Шаҳбоз Умаровнинг ўз олдига юксак мақсадларни қўйган ва Европа миқёсидаги мусобақаларда мунтазам иштирок этиб келаётган жамоага ўтиши футболчимиз учун олдинга ташланган қадам бўлади.
Қолаверса, Беларусь чемпионатида чемпионлик учун курашадиган "Шахтёр" ва БАТЭ ўртасидаги рақобатда "Энергетик-БГУ"да бирга ўйнаган ҳамюрт жамоадошлар - Жасур Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаровнинг ўзаро рақобатини ҳам кўрамиз.
Фикрлар