БАТЭни эшитганимдан сўнг бошқа таклифларга қараб ҳам ўтирмадим - фаолиятида олдинга қадам ташлаган ўзбек легионерининг янги клубга ўтгани ҳақида
Легионеримиз Шаҳбоз Умаровнинг янги клубга ўтганлиги расман тасдиқланди ва бу орқали у фаолиятида янги саҳифа очди. “Энергетик-БГУ”даги ўйинлари туфайли бошқа жамоаларнинг қизиқишини уйғота олди. Оқибатда Беларуснинг энг кучли ва номдор клуби – БАТЭ Умаровнинг хизматларига эҳтиёж сезди. Бу албатта ёқимли хабар бўлди.
“БАТЭдан таклиф июнь ойида бўлган”
БАТЭ Европа майдонларида иштирок этадиган клуб сифатида ҳам барчамизга яхши таниш. Шаҳбоз Умаров эса мана шундай етакчи жамоа сафига ўтиб олдинга яна бир қадам ташлади. Маълум бўлишича, ҳамюртимиз БАТЭ билан икки йиллик шартнома имзолаган. Қолганини эса ўзидан эшитамиз.
- Биласизми, БАТЭ клубидан таклиф аслида июнь ойида бўлганди. Аммо менга бу ҳақида мураббийлар айтишмаган. Билмадим, балки бу билан хаёлимни бузгиси келмагандир. Ўшанда музокараларни олиб боришган. Лекин ниманидир келиша олишмаганми, бу трансфер бироз кечикди. Кейинчалик эса БАТЭ раҳбарияти ўзим билан учрашишди ва кўришиб гаплашдик. Натижада БАТЭга ўтишга рози бўлдим.
“БАТЭ – мен учун катта трамплин”
“Энергетик-БГУ” сафида ҳаракат қилган Жасур Яхшибоев тўпурарлик салоҳиятини кўрсатиб келаётганди ва кейинчалик Солигорскнинг “Шахтёр” жамоасига ўтиб кетди. “Энергетик”да эса биргина Умаров қолганди. Мана, орадан маълум вақт ўтиб у ҳам кетди. Балки Яхшибоевнинг кетиши Шаҳбозга ҳам таъсир кўрсатгандир. Бунинг устига Умаровга яна бошқа клублар томонидан ҳам таклифлар бор эди...
- Мен ҳам Жасур Яхшибоевга ўхшаб июнь ойида кетишим керак эди. БАТЭни эшитганимдан кейин эса бошқа таклифларга қараб ҳам ўтирмадим. Чунки бу клуб Европанинг бошқа клубларига ўтиш учун трамплин вазифасини бажаради. Ҳа, бу катта трамплин. Энди БАТЭга янги мавсумда қўшиламан, балки сентябрь ойида.
“Энергетик”ни тарк этишимни ўйлаб, бироз хафа ҳам бўлдим”
Ҳар қандай ҳолатда ҳам Умаровнинг фаолиятида бундай кўтарилиш бўлишида аввало унинг “Энергетик-БГУ”даги фаолияти муҳим роль ўйнади. Дастлаб, ушбу клубнинг Умаровга қизиққани, Ўзбекистондан Беларусь чемпионатига кўчиб ўтишига сабабчи бўлиши, янги жамоасида ўз ўрнига ва ўйин амалиётга эга бўлгани ҳам легионеримизнинг ютуғи бўлди. Мана, энди у янада кучли жамоага ўтди. Шу боис Шаҳбоз “Энергетик-БГУ”ни тарк этиши қийин бўлгани ҳақида гапирди.
- “Энергетик-БГУ” жамоаси менга жуда катта плюс бўлди. Бу ерда ўйин амалиётига эга бўлдим. Етук мутахассис ва аҳил жамоа билан ишладим. Шундай экан, бу клубни тарк этишимни ўйласам тўғриси бироз хафа ҳам бўлдим. Лекин нима ҳам деймиз, бу ҳаёт, тўхташ керак эмас.
“Мендан қайси рақамда ўйнашимни сўрашганида 11-рақамни айтдим”
Энди Шаҳбоз Умаров янада жиддий ва ўз олдига катта-катта мақсадларни қўядиган жамоанинг аъзосига айланди. Шунинг учун унинг зиммасига ҳам катта масъулият тушади. Янги босқич ва янги синовлар. Умид қиламизки, БАТЭда ҳам ҳамюртимиз ўзини кўрсата олади. Муҳими, ўзбек футболчисига катта ишонч билан қарашмоқда...
- Албатта, БАТЭ раҳбарлари ва мураббийи билан гаплашганимда менга ишонаётганларини айтишди. Ҳали ёш эканлигим, жамоага албатта ёрдам бера олишимга уларнинг ишончи комил. Мен эса қўлимдан келганча уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Улар мендан қайси рақамда ўйнашимни сўрашганида 11-рақам дея жавоб бердим. Аммо ҳали шу рақам остида тўп суришим аниқ эмас, - дея жавоб берди, Умаров.
“БАТЭга қарши ўйиндан кейин уларнинг қизиқишини янада оширдим, назаримда”
Хабарингиз бор, яқинда Умаров “Энергетик-БГУ” сафида сафарда БАТЭга қарши ўйинда майдонга тушиб жарима зарбасилан супергол урганди. Оқибатда ўша гол туфайли БАТЭ мағлубиятга учраганди. Балки Шаҳбознинг ўша учрашувда кўрсатган ўйини ва голи ҳам легионеримизга бўлган қизиқиш ҳамда эътиборни кучайтирган бўлса ажаб эмас.
- Очиғи, БАТЭ менга қизиқиб юрганини билмасдим. Ўша учрашувда ҳеч нимани ўйламасдан фақат бор эътиборимни учрашувга қаратгандим. Менга бу ҳақида кейинчалик айтишди. БАТЭга қарши беллашувдан кейин уларнинг менга бўлган қизиқишини янада оширдим, деб ўйлайман, - деди ҳамюртимиз.
“Бу ерда жисмоний томонлама менга фойдали бўлди”
Шунингдек, Шаҳбоз Ўзбекистон ва Беларусь чемпионатларида ўйнаган ҳолда уларнинг устун томонларини ҳам солиштириш имконига эга эди. Бу борада эса у шундай деди:
- Бу ерда жисмоний томонлама фойдали бўлди. Лекин у ёки бу чемпионатни солиштира олмайман. Ҳар бир чемпионатнинг ўзига яраша устун томонлари бор. Фақат шуни айтишим мумкинки, техник-тактик жиҳатдан ўзбек футболчилари Беларусь ўйинчиларидан устун.
Фикрлар