“Бавария” энг зўр тўпураридан айрилиб қолиши мумкин

Европанинг гранд клублари “Бавария” сафида тинимсиз гол уриб, жамоанинг муваффақиятларини таъминлаётган Роберт Левандовскига харидор бўлмоқда. Манбаларнинг маълум қилишича, номлари  ошкор қилинмаётган бир неча клуб вакиллари 32 ёшли ҳужумчига алоқага чиққан ва трансфер масаласини муҳокама қилган.

“Бавария” бугунги кундаги энг зўр ҳужумчисини қўйиб юбормоқчи эмас. Левандовскининг амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзида якунланади. Мюнхенликлар келаси йил ёзгача польшалик футболчи билан янги битим имзолашга ҳаракат қилади.

2014 йилдан бери “Бавария” таркибида тўп тепаётган футболчи клуб тўпурарлари рўйхатида иккинчи ўринда бормоқда.

Роберт жорий мавсумда “Бавария” таркибида барча турнирларда 37 та ўйин ўтказиб, 43 та гол урди ва саккизта голли пас узатди.

Левандовски бу йили дунёнинг энг кучли футболчисига бериладиган “Олтин тўп” ва Европа чемпионатларининг энг яхши тўпурари тақдирланадиган “Олтин бутса” совринига асосий даъвогар ҳисобланади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)