“Бавария” футболчиси Файзуллаевга маслаҳат берди
Оммавий ахборот воситаларида ўзбек футболчиси Аббосбек Файзуллаевга Германиянинг энг қудратли клуби “Бавария” қизиқиш билдираётгани ва ЦСКАдан трансфер маълумотларини сўрагани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди.
20 ёшли футболчи Қатардаги Осиё кубогида муваффақиятли қатнашганидан кейин янги таклиф таклифлар бўлиши кутилаётганди. Файзуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида қитъа чемпионатида бешта учрашувда қатнашиб, иккита гол ва битта ассист қайд этди ва ўзини жамоанинг янги етакчиси сифатида намоён қилди.
“Бавария”нинг Файзуллаевга эътибор қаратгани ҳақидаги хабарларга футбол оламининг таниқли шахслари ҳам муносабат билдирмоқда. Мюнхен клуби ва ЦСКА жамоасининг собиқ футболчиси Ивица Олич ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
- “Бавария” Аббосбек Файзуллаевга қизиқаётгани ҳақида ҳали ҳеч хабар топганим йўқ. Агар мюнхенликлар унга қизиқаётган бўлса, бу унинг савияси юқори эканидан далолат беради.
Аббос нафақат айрим учрашувларда, балки бир неча мавсумлар давомида ўзини кўрсатиши муҳим ҳисобланади.
Шундан кейин бу футболчига фақатгина “Бавария”нинг эмас, балки бошқа катта клубларнинг ҳам қизиқишини жиджий тарзда муҳокама қилиш мумкин бўлади.
Аббос яхши сифатларга эга футболчи экани билиниб турибди. Файзуллаев Ўзбекистон чемпионатидан келиб, ЦСКАнинг асосий таркибидан бирданига жой олишни уддалаган футболчи. У дарров юқори савияда ўйин кўрсата бошлади.
Агар футбол ўйнашни шу тақлид давом эттирадиган бўлса, унга бошқа мамлакатлардан ҳам таклифлар кўп бўлишига аминман, - деди Ивица Олич.
Ивица Олич Хорватия футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. Футболчилик фаолиятини “Марсония” клубида бошлаган ҳужумчи ўз юртида “Загреб” ва “Динамо” клубларида тўп тепган.
Легионер сифатида Россиянинг ЦСКА, Германиянинг “Герта”, “Гамбург”, “Бавария”, “Вольфсбург”, “Мюнхен-1986” клубларида фаолият юритган.
Олич уч мамлакат – Хорватия, Россия ва Германия чемпионлигига сазовор бўлган. Россия кубоги, Суперкубоги ва УЕФА Суперкубоги ҳамда Германия кубоги ва Суперкубоги соҳиб ҳисобланади.
2017 йили профессионал фаолиятини якунлаган Ивица клублар миқёсида жами 504 учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 169 маротаба ишғол қилган, жамоадошларига 67 та голли пас узатган.
Тажрибали форвард Хорватия терма жамоаси сафида 104 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 20 та гол ёздириб қўйган.
44 ёшли собиқ футболчи айни пайтда Хорватия терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритмоқда.
Файзуллаевнинг Европада ўйнаш имконияти борми?
Фикрлар
zaxira fudbolchisi bolsa ham ketgani maqul