"Бавария" Олисе бўйича "Ливерпуль"га рад жавобини берди — Хёнесс трансфер миш-мишларини инкор қилди
"Бавария" раҳбарларидан бири Ули Хёнесс ёзги трансфер ойнасида Майкл Олисенинг "Ливерпуль"га ўтиши эҳтимолини рад этди ва мерсисайдликларнинг сўнгги сарф-харажатларини танқид қилди.
Аввалроқ Олисе "Ливерпуль"га боғланаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу айниқса, Муҳаммад Салоҳнинг мавсум якунида "Энфилд"ни тарк этиши расман тасдиқланганидан кейин кучайди.
Бироқ "Кристал Пэлас"нинг собиқ ҳужумчиси яна Премьер-лигага қайтиши ҳақидаги гап-сўзларга "Бавария"нинг фахрий президенти Хёнесс тезда чек қўйди.
Шу билан бирга, немис мутахассиси "Ливерпуль"нинг ёздаги катта сармоясига ҳам танқидий муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, клуб қарийб 450 миллион фунт сарфлаган бўлса-да, Премьер-лигада бешинчи ўринга тушиб кетган ва кучли тўртликдан 5 очко орқада, етакчи "Арсенал"дан эса 21 очкога орқада қолмоқда.
Олисенинг "Ливерпуль"га ўтиши ҳақидаги миш-мишлар юзасидан Хёнесс шундай деди:
"Бу ростдан ҳам шундайми? Мен бунга ишонмайман. Барибир, “Ливерпуль” бу йил 500 миллион евро сарфлади ва жуда ёмон мавсум ўтказмоқда. Шунинг учун биз уларнинг келаси йилда янада кучлироқ ўйнашига ёрдам бермаймиз".
74 ёшли мутахассис қўшимча қилди:
"Биз бу ўйинни мухлисларимиз учун ўйнаймиз. Бизнинг 430 минг аъзомиз ва дунё бўйлаб миллионлаб мухлисларимиз бор. Агар ҳисобимизда 200 миллион евро бўлса-ю, ҳар шанба ёмон ўйин кўрсатсак, бу уларга ҳеч қандай фойда бермайди".
Эслатиб ўтамиз, Майкл Олисе 2024 йил ёзида "Кристал Пэлас"дан "Бавария"га 50,8 миллион фунт эвазига, 5 йиллик шартнома асосида қўшилган эди.
24 ёшли футболчи ўтган мавсумда Бундеслигада ғолиб чиққан ва жорий мавсумда барча мусобақалар доирасида 16 та гол ҳамда 27 та ассист қайд этган.
Фикрлар