Бахтиёр Ашурматов: Биз "Турон" бош мураббийини қўллаб-қувватлаймиз
Суперлига 2-туридан ўрин олган "Қўқон-1912" - "Қизилқум" учрашуви ўз ниҳоясига етди. Тенг курашлар остида кечган ўйин 0:0 ҳисобида якунланди.
Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида қўқонликлар мураббийи Бахтиёр Ашурматов ўз фикрларин билдириб ўтди:
- "Қизилқум" бу мавсум аввалгилардан кўра кучли ва тажрибалироқ таркиб йиғишга муваффақ бўлди. Ўйиндан аввал, йигитларга ҳам бу ҳақида айтган эдим. Ўзимизнинг майдонда биринчи бор ўйнаганимиз учун баъзи режаларимиз амалга ошмагандир. Тўпни назорат қилиш ва майдон марказини босиб ўтишга қийналдик. Хатолар бўлди, бироқ уларни имкон қадар тузатишга ҳаракат қилдик.
Кеча "Турон" иштирокидаги ўйинда ҳакамлар хатога йўл қўйган бўлиши мумкин. Буни барча футбол мухлислари кўрди. "Турон" учун жуда аламли мағлубият бўлди. Улар дурангга лойиқ эди. Ислом Исмоилов - ёш мураббий. Тўғри, у жуда қизиққонлик билан ўз фикрларини билдирди. Аммо биз уни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Биз мураббийлар бу вазиятни тўғри тушунамиз.
Менимча, биринчи турдаги ўйинимизда ҳаммаси яхши бўлганди. У кеча жаҳл устида илк турдаги баҳсни ҳам ноҳақ, деб ўтди. Бироқ учрашувдан кейин "Турон" президенти ҳам бизни ғалаба билан табриклади. Мағлубиятни тан олишни билиш керак. Масалан, биз бугун ғалаба қозона олмадик ва айбни ўзимиздан излаймиз".
Фикрлар