Бахтиёр Ашурматов: "Футболда майда хатоларни ҳам рақиб кечирмаслиги мумкин"
Бугун “Қўқон-1912” – “Турон” клублари иштирокидаги водий дербиси ўтказилди. Мазкур беллашув қизиқарли ва голларга бой ўтган ҳолда баҳс 2:2 ҳисобида якун топди. Ўйин якунлангач, қўқонликлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Очиғи, охирги пайтлардаги муваффақиятсиз ўйинларимиздан кейин бугун уйимизда ўйнайдиган услубимиздан воз кечишга қарор қилдик. Рақиб сафида Билолхон Тошмирзаев, Суннат Абдуллажонов каби тезкор футболчилар борлигини инобатга олиб, қарши ҳужумларга тушиб қолмаслигимиз учун биз ҳам иккинчи рақамда тўп суришга қарор қилдик.
Ҳужумда Норбеков ва Ҳасанов сингари тезкор футболчиларимизнинг тезлигидан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Сабр қилишимиз кераклигини ва гол бўлгач, ўйин осонроқ ўтишини таъкидлагандим. Кутган вазиятимиз бўлди ва биз биринчи бўлиб гол урдик. Аммо футбол хатолардан иборатки, ҳатто майда хатоларни ҳам рақиб кечирмаслиги мумкин. Гол урганимиздан кейин ҳимоя ва ярим ҳимояни кучайтиришга ҳаракат қилиб тургандик. Афсуски, тезкор гол ўтказиб юбордик.
Худога шукр, ютқазиб турган пайтимизда яна жавоб голини уриб дурангга эришдик. Бизга ғалаба керак эди. Аммо охирги учрашувлардаги муваффақиятсизликдан кейин бугунги дуранг ёмон эмас. Агар яна ютқазганимизда жамоа тушкунликка тушиб қолиши мумкин эди. Футболчиларга охиригача курашишгани учун миннатдорчилик билдираман. Ҳар бир ўйинда мана шундай курашишса, очколарни қўлга кирита оламиз. “Турон” жамоасига ҳам омад тилайман. Қўшни жамоаларнинг натижаларига бефарқ эмасман. Дуранг адолатли натижа бўлди. Иккала жамоа ҳам охиригача курашди.
Фикрлар