Бахтиёр Ашурматов: Ҳакамлар ҳам инсон ва улар хатолардан холи эмас

Суперлига 3 - тур доирасидаги "Қўқон-1912" - "Сўғдиёна" учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Бахтиёр Ашурматов қатнашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Учрашув охирига қадар ҳис-ҳаяжонга тўла бўлди. Ҳар икки жамоа шиддатли ўйин намойиш этишди. Бош мураббий Улуғбек Бақоев футболчилик пайтида ҳам шундай тиришқоқ ва охирига қадар курашарди. Беллашувдан олдин шогирдларимга шуни бир неча бор таъкидладим.

Муҳим уч очкони қўлга киритдик. Ўйин учун «Сўғдиёна” футболчиларига ҳам раҳмат. Улуғбек Бақоев шогирдлари бир киши камлигига қарамай охирига қадар курашишди. Бугун иккита бир-бирига муносиб рақиблар майдонда ҳаракат қилишди. Ўйлайманки, стадионга келган мухлислар хурсанд бўлишди.

Бу футбол – ҳакамлар ҳам инсон ва улар хатолардан холи эмас. Рефериларнинг ишларига баҳо берадиган қўмита бор.

Райевацнинг ўзига ишончи юқорилиги боис уни асосий таркибга қўйдим ва у ғалабамизга муносиб ҳисса қўшди. Бамба борасида ҳам шундай фикр билдиришим мумкин. Умуман бугун бутун жамоа яхши ўйнади.

Жамоамиз раҳбарларига миннатдорчилик билдираман. Улар бизга керакли барча шароитларни яратиб беришмоқда. Ғалаба қозонишимиз шарт эди. Бундай шароитлар билан жамоамиз ўз олдига босқичма-босқич юқори мақсадларни қўяса бўлади.

Мухлисларимиз ҳам доимо бизни қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Бунинг учун уларга ҳам миннатдорчилик изҳор этаман, - деди Бахтиёр Ашурматов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!