Бахтиёр Ашурматов: "Ҳакамлик ҳақида гапирмоқчи эмасман, чунки ўзимизни муаммоларимиз етарли"
Бугун Суперлиганинг 13-турида “Қўқон-1912” “Турон” майдонида “Навбаҳор”ни қабул қилди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Баҳс якунига етгач, қўқонликлар устози Бахтиёр Ашурматов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Афсуски, уйимиздаги нохуш анъана – ғалаба қозона олмаслик яна давом этди. Ўйин тўғрисида қандай фикр билдиришим мумкин? Йигитлар ёмон ўйнамадилар, вазиятлар яратдилар. “Навбаҳор”да эса гол уриш коэффициенти баланд бўлди. Биринчи голда вазият яратилди деб айтиш қийин. Азим Аҳмедовнинг кучли зарбаси муҳим роль ўйнади ва жамоаси учун керакли голни урди. Биз ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилдик. Афсуски, қарши ҳужумда иккинчи голни ўтказиб юбордик. Бу ғалаба билан “Навбаҳор”ни табриклайман. Биз эса ниманидир ўзгартиришимиз керак. Нима етишмаётганини билмадим. Омад етишмай тургани бу факт. Аммо шунча ўйинда уйда ютолмаслик – бу раҳбарият ҳамда мухлисларимиз олдида уятли ҳолат. Кейинги учрашувда хато қилишга ҳаққимиз йўқ. “Турон” билан учрашувда фақат ғалаба учун ўйнаймиз.
- Жамоага креативлик етишмади? Жамоада Жавоҳир Сиддиқовнинг ўрнини тўлдирадиган ўйинчи бўлмаяпти.
- Олдин ҳам айтгандим, бизда бу муаммони бошқа ўйинчилар билан ёпишимиз керак эди. Бу позицияда ҳужумкор ва тўпни ўзида ушлаб тура оладиган футболчи етишмаяпти. Рости, селекция пайтида “Локомотив”да ўйнаб турган Жавоҳир Сиддиқовни улардан кўра, манфаатли таклиф билан чақириш имкониятимиз йўқ эди. Бунинг учун яхшигина маблағ ишлатиш керак бўлади. Энди бу ҳақда гапиришдан фойда йўқ. Биз вазиятдан ёруғ юз билан чиқишимиз керак. Анвар Ҳожимирзаевга кам имконият беряпмиз. Балки у орқали шу муаммони ҳал қилиб кўрармиз. Чунки олдинда ўйинлар кўп, хатоларни тўғриласа бўлади.
- Жамоангиз ҳисобда орқада қолаётганида ҳам захирадан ўйинчи туширишга шошилмадингиз. Эртароқ ўзгариш қилсангиз бўлмасмиди?
- Бўларди. Шошилмаганимизга сабаб, биринчи бўлимда таркибимизда кимнидир ўйини чиқмасдан жамоани қийин вазиятга тушириб қўйгани йўқ. Жамоавий ўйинда ҳамма берилган вазифани бажариб турганди. Шу боис кутишга қарор қилдик. 15 дақиқа кутдик ва кейин ҳужумкор футболчи Якуба Бамбани туширдик. Охирида учта ҳужумчи билан ўйнадик. Аммо бу ўзини оқламади. Чунки “Навбаҳор” зич ҳимояланди ва қарши ҳужумда ўйнаб ўз мақсадига эришди. Тўғри айтдингиз, биз вақтлироқ захирадан футболчи туширсак бўларди. Футболчиларимиз майдонда битта ҳужумчи билан ҳам ёмон ўйин кўрсатмаётгани боис бироз кутишга қарор қилгандик. Яна шуни қўшимча қилмоқчиман, биз мана шу учрашувга иккита ҳужумчи билан тайёргарлик кўрардик. Ўртоқлик ўйинларида ҳам ҳужумда Норбеков ва Абдуҳамидов тандеми орқали ҳозирлик кўрдик. Афсуски, ўйинга бир кун қолганида Ҳамидилло Абдуҳамидов жароҳат олди. Мўмин Мелиев жароҳатдан энди тикланганини инобатга олсак, бугун иккита ҳужумчи билан ўйинни бошлаш имконияти бўлмади. Ўтган учрашувдаги матбуот анжуманида ўз майдонимизда иккита ҳужумчи билан ўйнашимиз керак, аммо қўрқоқ тактика танладик деб айтгандим. Бугун эса иккита ҳужумчи билан чиқмаганимизга сабаб Абдуҳамидов жароҳат олди.
- Ўйин давомида кўп хуштак чалинди. Бу ҳақида фикрингиз қандай?
- Иккинчи даврада ўзимга-ўзим шунақанги талаб қўйганман: ҳакамларга камроқ эътироз билдириш, қарорларни муҳокама қилмаслик! Тўғриси, ҳакамлар ҳақида фикр билдирмасдан, ўзимизни ўйинимиз ва камчиликларимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Чунки ичимиздан нима ўтаётганини ўзимиз биламиз. Шундоқ ҳам муаммоларимиз етарли. Ҳакамлик тўғрисида гапирмоқчи эмасман.
- Гап ҳақамлик ҳақида эмас. Фақат айрим пайтларда футболнинг жозибадорлигига путур етказиб қўйишмоқда...
- Буни ҳакамлар билан ишлаш қўмитасидагилар биздан кўра яхшироқ тушунишади. Ҳакамларга ҳар бир ўйинда камроқ тўхталиш беришга кўрсатма беришар, бунисини билмаймиз. Аммо футболимиз тезкор ва жозибали бўлса, мухлисларга ҳам қизиқарли бўлади.
- Ёритгич тизимини талабга жавоб бермаслиги, жамоани ўз майдонида ўйнай олмаётгани ва мухлисларнинг стадионга кирмаслигини ҳам клубга таъсири борми?
- Барибир ўз майдонимизда ўйнаганимиз яхши, мухлисларимиз стадионда бизни қўллаб турса, уларнинг далдасини ҳис қилиб турсак, албатта яхши. Тўғри, биринчи даврада ишқибозларимиз келган ўйинларда ҳам биз ўз уйимизда юта олмадик. Шунда ҳам уларнинг қўллаб-қувватлашини доим сезиб турамиз. Лекин бу ҳолатлар мағлубиятимизга сабаб бўлмайди. Карантин туфайли ишқибозлар стадионга қўйилмаяпти. Албатта, мухлисларнинг стадионда бўлмаслиги футбол учун катта йўқотиш деб ҳисоблайман. Ёритгич тизими ўрнатилиш ҳаракатида. Бу мени ваколатимга кирмайди. Аммо яқин кунларда ёритиш тизими стадионимизга ўрнатилади.
Фикрлар